ЎРМОНЗОРЛАРДА ЁНҒИН ЧИҚИШИНИНГ ОЛДИ ОЛИНМОҚДА
Халқимиз саломатлиги, аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудларнинг экологик тозалиги кўп жиҳатдан мамлакатимиздаги яшил ҳудудларнинг барқарор ривожланишига, биохилма-хилликка боғлиқ. Мамлакатимиздаги яшил ҳудудлар – ўрмонларни асраб-авайлаш, ҳар бир туп дарахтнинг соғлом, хавф-хатардан, айниқса, ёнғин балосидан холи ўсиб-ривожланишини таъминлаш ўрмонзорларнинг табиий равишда кўпайишига имкон яратади. Шу боис, ўрмонзорларни асраб-авайлаш, кенгайтириш, ёнғин чиқишининг олдини олиш билан боғлиқ тадбирларга алоҳида эътибор билан қаралади. Бу борада туманимиздаги йирик Қипчоқ давлат ўрмон хўжалиги ходимлари томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси “Ўрмон тўғрисида”ги Қонунининг 23-моддасига мувофиқ туман ҳокимининг Қипчоқ давлат ўрмон хўжалигининг ўрмон билан қопланган ҳудудида ёнғин хавфсизлиги мавсумини талофатсиз ўтказиш тўғрисидаги қарорига кўра, ўрмон хўжалиги билан чегарадош ҳудудларда яшовчи аҳоли, машина-трактор парклари, корхона ва ташкилотлар, овул ва маҳалла масъуллари ўртасида доимий равишда тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилаётгани боис, сўнгги йилларда хўжалик ҳудудидаги ўрмонзорларда ёнғин чиқиши билан боғлиқ нохуш ҳолатлар кузатилмади.
Қипчоқ давлат ўрмон хўжалиги ҳудуди билан чегарадош Назархон, Тўлқин, Қипчоқ овуллари ҳамда Бештом, Дарёбўйи маҳаллалари аҳолиси, МТПлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари билан ўтказилаётган учрашувлар, тушунтириш-тарғибот тадбирларига ҳуқуқшунослар, туман ёнғин хавфсизлиги бошқармаси мутахассислари ҳам жалб этилиб, ёнғин чиқишига сабабчи бўлган шахслар учун қандай жазолар қўлланилиши бўйича кенг тушунчалар бериб борилмоқда.
Бундан ташқари, Қипчоқ давлат ўрмон хўжалиги маъмурияти томонидан ўрмонзорларда табиий ва техноген турдаги фавқулодда вазиятларда ўрмон ёнғинининг олдини олиш ва оқибатларини батараф этиш бўйича дастур-режа ишлаб чиқилиб, ушбу дастур-режага асосан ўрмон билан чегарадош ҳудудлардаги МТПлар, идора-ташкилотларнинг техника воситаларини бошқарувчи ходимлари, ОФЙ ва МФЙ аҳоли вакиллари ҳамда ўрмон хўжалиги ходимларидан иборат шахсий таркиб тузилган бўлиб, хўжалик маъмурий биносида доимий навбатчилик ташкил этилган.
Ўрмон билан қопланган иккита йирик ўрмон бўлимида ва барча айланмалардаги ёнғин хавфсизлиги йўлаклари тозаланиб, йўлаклар бўйларидаги ёнғинга қарши воситалар доимий тайёр ҳолатга келтириб қўйилган. Айланмаларда ёнғин ўчириш асбоб ускуналари, хусусан, белкураклар, кетмон, паншаха, ҳар бири 20 литрлик, сувга тўлдирилган идишлар, замонавий дарахт кесиш асбоб-анжомлари ва бошқа зарур буюмлар тахт қилиб қўйилган.
Ҳозир айни жазирама ёз пайти. Эрта баҳорда униб чиққан чўл ва дашт гиёҳлари аллақачон қуриб-қовжираб қолган. Шундай вазиятда салгина қалтис ҳаракат ёки салгина учқун туфайли ёнғин чиқиш хавфи мавжуд. Шу боис, хўжалик мутахассислари ёнғин чиқишининг олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатларни янада кенгайтириб, жойларда кузатув тадбирларини олиб боришмоқда.
Шуни унутмаслигимиз керакки, мусаффо ҳаво билан таъминлашга хизмат қилувчи яшил ҳудудларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ёнғиндан асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Мақсуд НУРЕКЕЕВ, Қипчоқ давлат ўрмон хўжалиги бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶