ФҲДЁ органида бир кун
Кундалик ҳаётимизда ўз турмуш тарзимиз билан боғлиқ муаммоларимиз юзасидан турли идора ва ташкилотларга мурожаат қиламиз. Қайси мақомдаги идора ёки ташкилот бўлишидан қатъий назар, яқин-яқинларгача раҳбарлар ҳузурига кириш, арз-ҳол айтиш анчайин мушкул бўлганини ҳаммамиз яхши биламиз. Қоғозбозлик, эртага кел, индинга кел, қабилидаги ортга силташлар халқимизни қанчалар овораи-сарсон қилганини эсласак, бугунги раҳбар билан кечаги раҳбарнинг маънавий савияси бири-биридан кескин фарқ қилишини англаш қийин эмас.
Дарвоқе, раҳбар маънавияти унинг муомаласидан тортиб, жамият ичида ўзини тутиши-ю, ўзи раҳбарлик қилаётган идора ёки ташкилотнинг халқ билан қанчалик яқинлигида намоён бўлади. Бекорга Президентимиз “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойилни барча бўғиндаги раҳбарлар учун халқ билан ишлашишнинг асосий мезони сифатида кун тартибига айлантирмадилар. Бугун қуйидан юқоригача барча тоифадаги раҳбар ходимлар халқ ўз муаммолари билан ҳузурига келишини кутиб ўтирганлари йўқ, балки уларнинг таклиф ва муаммоларини бевосита халқ ичига кириб бориб, жойида ҳал этишмоқда. Туман ФҲДЁ бўлимининг бир кунлик фаолияти билан танишганимизда бунинг яққол гувоҳи бўлдик.
Жорий йилнинг 9 июль санасида ФҲДЁ бўлими ходимлари томонидан амалга оширилиши режалаштирилган ишлар юзасидан эрталабки беш дақиқалик суҳбатда барча ходимлар жам бўлишиб, карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда, эрталабки соат 9 дан ишга киришдилар. Фуқароларни қабул қилишда ҳам ҳар бир киши карантин қоидаларига бўйсуниши лозимлиги тушунтирилди. Шу кунги режага кўра, Васийлик ва ҳомийлик органи вакили боқувчисиз ёки қаровсиз қолган болаларга туғилганлик ҳақидаги ҳужжатларни расмийлаштириш юзасидан ФҲДЁ бўлимига келиб, туманнинг турли ҳудудларида яшовчи, лекин туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномасини олмаган болалар бўйича зарур маслаҳатлар олди.
Торёп маҳалла фуқаролар йиғини маъмурияти томонидан кўрсатилган ижтимоий ёрдам туфайли ушбу ҳудудда яшовчи фуқаролар Базарбаев Ерғалий Жубатханович ва Муҳайё Турсунбоеваларнинг 2017 йил, 2 март куни туғилган ва вақтида туғилиши қайд этилмаган қиз фарзандига туғилганлик ҳақида гувоҳнома ҳамда ушбу эр-хотиннинг қонуний никоҳи қайд қилиниб, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномалари топширилди.
Бу ишлар ФҲДЁ бўлими офисида амалга оширилган бўлса, шу куннинг ўзида ФҲДЁ бўлими мудираси Санобар Холбоева Амир Темур номли овулда истиқомат қилувчи фуқаро Шамшед Бердибоевага тааллуқли иш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича туман судида иштирок этиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Унинг иш куни тушликка яқин Ўрта қалъа овулидаги хонадонлардан бирида давом этди. Туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Муқаддас Бекназарова ҳамда Ўрта қалъа ОФЙ раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари Ф.Қурбоновалар билан ҳамкорликда бир оиланинг ажрашиб кетишининг олдини олишга муваффақ бўлишди. Икки ёшнинг ўзаро келишмовчилигига барҳам берилди.
Халқ орасига кириб бориб, муаммоларини жойида ҳал этиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилди. С.Холбоева маҳаллалардаги кам таъминланган оилаларга кириб борди. Хусусан, Манғит шаҳрининг Чордара маҳалласида истиқомат қилувчи икки нафар вояга етмаган ёш болалари бор ёлғиз она Интизор Қурбонбоеванинг муаммоларини ўрганди ва кундалик озиқ-овқат маҳсулотларини хайрия сифатида топширди.
ФҲДЁ бўлими томонидан халққа хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, муаммоларини жойларига чиқиб ўрганиш ва ижобий ҳал этишга қаратилган бу каби ишлар салмоғи жуда кенг қамровли бўлиб, ҳар бир фуқаронинг мурожаатига алоҳида эътибор ва ҳурмат назари билан қаралади. Сўнгги йилларда аҳолига тезкор ва сифатли ҳуқуқий хизматларни тақдим этиш мақсадида ФҲДЁ ходимлари архив ҳужжатларини рақамлаштириш бўйича иш олиб боришмоқда.
– Ҳозирги кунда ФҲДЁ бўлими архивида 1935 йилдан то бугунги кунгача бўлган архив маълумотлари, яъни туғилганлик, никоҳ, ўлим ва никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувлари сақланмоқда, – дейди бўлим мудираси Санобар Холбоева. – 2014 йилга қадар 233 мингга яқин турли тоифадаги ҳужжатлар рақамлаштирилиб, ягона электрон ФҲДЁ архивига киритилди. Бу жами архив ҳужжатларининг 70 фоизини ташкил этади.
ФҲДЁ бўлими ходимларининг бир кунлик иш жараёни билан танишарканмиз, бугунги ФҲДЁ органлари том маънода халққа тезкор ва сифатли, шу билан бирга самарали хизмат кўрсатаётганига гувоҳ бўлдик.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶