ТУМАНИМИЗДА БОЛАЛАР СПОРТИ ТОБОРА ОММАЛАШМОҚДА
Сўнгги йилларда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортга, айниқса, болалар спортини ривожлантиришга, оммавийлигига эришишга улкан эътибор қаратилаяпти, болаларнинг ўзлари қизиққан спорт турлари билан мунтазам шуғулланишлари учун кенг имконият ва шароитлар яратилмоқда. Натижада спортчи ўғлонлар ва қизлар сафи тобора кўпаймоқда.
Туманимиздаги Болалар-ўсмирлар спорт мактабида ташкил этилган 20 та спорт турлари бўйича шуғулланувчилар истеъдоди мураббийлар томонидан тарбияланиб, катта спорт сари йўналтирилмоқда, мамлакат терма жамоаси таркибига муносиб номзодлар тайёрланмоқда. Шуларнинг 14 таси олимпия спорт турларидир.
Ҳозирги кунда спорт мактабда туманимизнинг 1442 нафар ёш ўғил-қизлари спортнинг ўзлари қизиққан турлари билан шуғулланиб, маҳоратларини оширишмоқда, 254 нафарини қизлар ташкил этади.
Республикамиздаги барча спорт мактаблари, тўгараклари қатори шу йил 20 августдан туман Болалар-ўсмирлар спорт мактабида ҳам яна машғулотлар бошланди.
Дзю-до – спортнинг ўсмир ёшлар энг кўп қизиқадиган, машғулотларга сидқидилдан қатнашадиган туридир. Дзю-до кураши билан қатор йиллар мобайнида ушбу масканда шуғулланиб, номдор спортчи бўлиб етишганлар, Осиё, Европа чемпиони бўлган, мамлакат терма жамоаси сафида юртимиз шарафини юқори кўтараётганлар кўпчиликни ташкил этади. “Мард ўғлон” давлат мукофотига илк сазовор бўлганларнинг бири – Элёр Машарипов шуларнинг бири.
Ҳозирги кунда ушбу маскандан унинг муносиб издошлари етишиб чиқмоқда. Яқиндагина мактаб фаолияти қайта йўлга қўйилганидан сўнг қабул қилинган болаларга бошланғич машғулотларни ўтаётган Ҳакимжон Нуримбетов илк кунларданоқ улар орасида иқтидори сезилиб турган болалар кўплигидан қувонади.
Ушбу базада чиниқиш машқлари олиб бориладиган очиқ майдонча ташкил этилиб, жиҳозланганлиги пандемия давом этаётган кунларда жуда асқотмоқда. Чунки шуғулланувчилар орасида масофа сақлашдек муҳим қоида асосида машғулот ўтиш учун майдонча жуда қулай. Тажрибали мураббий Пўлат Кўмеков спорт мактабга ҳарорати ўлчаниб, шифокор кўригидан ўтиб, махсус спорт формаси кийиб чиққан болалар билан аввал чиниқиш машқларини шу ерда, кейинчалик дзю-до элементларини ўрганиш машқларини эса махсус жиҳозланган залда олиб боради. Унинг шогирдлари орасида Ўзбекистон чемпионлари, нуфузли мусобақалар ғолиблари бор. Самбо, дзю-до, кураш турлари билан бир неча йилдан бери шуғулланиб келаётган Мустафо Ўрозбоев спортда эришган натижалари туфайли жорий йилда Қорақалпоқ давлат университетига тест синовларисиз имтиёзли равишда талабаликка қабул қилинди.
Ишга туширилганига қисқа вақт ўтган бўлса-да, ёпиқ сузиш сув ҳавзасида шуғулланувчиларнинг маҳорати тобора ортиб, қувонарли натижалар қўлга киритилаяпти.
Бу ерда шуғулланувчиларга мураббий Жавоҳир Матирзаев эркин, чалқанча, дельфинча сузиш маҳоратини ўргатаётир.
Болалар-ўсмирлар спорт мактабининг Чордара маҳалласида жойлашган базасининг 12х24 метрли кураш, бокс бўйича машғулотлар олиб бориладиган зали, 9х14 метрли мослаштирилган стол тенниси зали мавжуд.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, машғулотлар олиб бориладиган барча заллар замонавий талабларга тўлиқ жавоб беради, “Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш” жамғармаси маблағлари эвазига барча хоналар спорт инвентарлари билан жиҳозланган.
Филиал асосий залида Жасур Нуримбетов қўли остида шуғулланаётган уч гуруҳдаги 40 нафардан зиёд ёш боксчилар орасида ҳам маҳорати ошиб, кўпгина мусобақаларда ғолибликка эришаётганлари бор.
– Филиалимизда спортнинг теннис, бокс, футбол, кураш, эркин кураш турлари бўйича машғулотлар йўлга қўйилган. Пандемия даврида фаолиятимиздаги узилишлар, мусобақалар, болаларга мотивация берадиган тадбирлар ўтказилмай тургани оз бўлса-да, ишимизга салбий таъсир қилди. Мана, яна аввалги спорт ҳолатимизни тиклаб, машғулотларни бошлаб юбордик, – дейди йўриқчи Эрназар Жуманиёзов.
Бу ерда шуғулланувчилар орасида Қорақалпоғистон, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари бор. Мураббийлар шуғулланувчиларга қунт билан спорт сирларини ўргатиш билан бир қаторда ўз устларида ҳам ишлайдилар, турли мусобақаларда иштирок этишади. Жорий йилда Қорақалпоғистон, Ўзбекистон чемпионатларида, халқаро мусобақаларда эришган ютуқлари туфайли филиалнинг тўрт нафар ўрта махсус маълумотли мураббийлари ўз ихтисосликлари бўйича Қорақалпоғистондаги олийгоҳларга имтиёзли равишда талабаликка қабул қилиндилар.
Ҳамида Ражабова Болалар-ўсмирлар спорт мактабининг тажрибали мураббийларидан бири. Ўзининг ҳам, шогирдларининг ҳам стол тенниси бўйича эришаётган ютуқлари салмоқли. У ҳозир филиалда стол тенниси билан шуғулланувчиларга эринмай спортнинг ушбу тури маҳоратларини ўргатиб келаётир.
Унинг машғулотлар олиб бораётган 2 гуруҳдаги 24 нафар болаларнинг ҳаммаси ҳам иқтидорли.
Филиал қошида тадбиркор бунёд этган сунъий қопламали кичик мини футбол майдончасида Темур Ражабов раҳбарлигида ёш футболчилар машғулот олиб боришади. Агар мураббий меҳнати натижасини шогирдлари ютуқлари орқали баҳолайдиган бўлсак, Темурнинг фаолиятини жуда самарали бўлаётир, дейиш мумкин. Турли мусобақаларда муваффақиятли қатнашиб, қобилиятини яққол намойиш этган икки шогирди – Жасур Отажонов, Суҳроб Очиловлар Қорақалпоғистон терма жамоаси сафида Озарбайжонда бўлиб ўтган Халқаро очиқ турнирда қатнашиб, жамоанинг фахрли учинчи ўринни эгаллашига муносиб ҳисса қўшди. Жаҳонгир Ражабов, Сардор Хидирбоевлар эса республика терма жамоаси сафида Ўзбекистон биринчилиги мусобақаларида муносиб иштирок этди.
Шуниси эътиборлики, Болалар-ўсмирлар спорт мактабининг ёш футболчилари мураббийлар – Руфат Бобожонов, Байрам Эшимовлардан ўйин қоидалари, усулларини қунт билан ўрганиб, яқинда бўлиб ўтган Қорақалпоғистон чемпионати ҳудудий босқичида 2004 йилда туғилган болалар орасида биринчи ўринни, 7 сентябрь куни Тўрткўл шаҳрида бўлиб ўтган 2007 йилда туғилган болалар орасида ҳам биринчи ўринни эгалладилар. Қорақалпоғистон чемпионатида эса иккинчи ўринни енгиб олдилар. Спорт турлари бўйича турли йилларда жаҳон, Осиё, Европа, Ўзбекистон чемпионати чемпионлари, номдор полвонлар тарбияланиб вояга етган бешик – туман Болалар-ўсмирлар спорт мактабидан бугунги кунда ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган спортчилар етишиб чиқмоқда. Уларнинг эришган натижалари ҳисобга олиниб, тегишли разрядлар бериб борилмоқда. Айни кунда 824 нафар разрядли, 3 нафар спорт усталигига номзод спортчилар бор.
Болаларни спортга оммавий жалб этишга қаратилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли 21-сонли мактабда ташкил этилган оғир атлетика гуруҳида ушбу ҳудуднинг 40 нафардан зиёд фарзандлари мураббий Анвар Бобониёзов раҳбарлигида маҳорат сирларини ўрганишмоқда. Шуларнинг 5 нафари қизлардир. Ўтган давр мобайнида Бахтиёр Муродов, Жаҳонгир Тўхтасинов, Мадина Омонова, Нилуфар Жумабоевалар Қорақалпоғистон биринчилиги чемпиони ва совриндорлари бўлишди. Олтиной Шукуруллаева эса Ўзбекистон чемионатида биринчи ўринни енгиб олиб, устози, спорт мактаб раҳбарлари ва барча мураббийларини қувонтирди.
Хулоса қилиб айтганда, туман Болалар-ўсмирлар спорт мактабида соғлом авлодни шакллантиришнинг муҳим шарти бўлган болалар спортининг оммавийлигига эришиш, ўсмир ёшларнинг спорт қобилиятини ривожлантириб, номдор спортчилар, чемпионлар тарбиялаб вояга етказишдек эзгу мақсадлар йўлида саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Чоршам ТОЖИМУРОДОВ,
туман Болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶