ХУСУСИЙ БАНДЛИК АГЕНТЛИКЛАРИДА ШАРТНОМА АСОСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТИЛАДИ
Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Қонуни 2018 йил 16 октябрда қабул қилинган. Қонун 34 та моддадан иборат бўлиб, унинг мақсади хусусий бандлик агентликларининг фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга қаратилган.
Хусусий бандлик агентлиги иш қидираётган шахсларга иш танлаш ва ишга жойлашиш бўйича, иш берувчилар учун кадрлар танлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи, шунингдек, ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатувчи тижорат ташкилотидир.
Хусусий бандлик агентлиги олий маълумотли раҳбарни қўшиб ҳисоблаганда камида икки нафар ходимга эга бўлиши керак. Хусусий бандлик агентликлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иш қидираётган шахсларга иш танлаш, иш берувчилар учун кадрлар танлаш, Ўзбекистондан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш, ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари кабиларни амалга оширади.
Ўзбекистон ҳудудида иш қидираётган шахсларга иш танлаш бўйича хизматлар хусусий бандлик агентлиги ва иш қидираётган шахс ўртасида тузилган хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида кўрсатилади.
Мамлакат ҳудудида иш қидираётган шахсларга иш танлашда иш қидираётган шахслар тўғрисидаги ахборотни иш берувчилар ўртасида тарқатиш, шу жумладан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тарқатиш, иш берувчиларни излашни, иш берувчилар билан музокаралар ўтказиш, иш берувчилар ва иш қидираётган шахслар ўртасидаги суҳбатга тайёргарлик кўриш ҳамда музокараларда, меҳнат шартномалари лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этиш кабиларда ҳам кўмак берилади.
Хусусий бандлик агентлиги томонидан иш қидираётган шахс ва иш берувчи билан ёзма шаклда хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома тузилади. Хусусий бандлик агентликлари томонидан хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномада хизматларнинг мазмуни, хизматлар кўрсатиш муддатлари, ҳақ тўлаш миқдори ва шартлари, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун жавобгарлик, шартномани бекор қилиш тартиби ва шартлари кабилар кўрсатилади.
Хусусий бандлик агентлиги иш қидираётган шахсларга ёки иш берувчиларга фақат хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида хизматлар кўрсатади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг сўровига кўра ўз фаолияти ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши, хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномаларни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг «labor-migration» ахборот тизимида реал вақт режимида рўйхатдан ўтказиши керак.
М.Матюсупов, туман Адлия бўлими бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶