СОВЧИГА ЗУЛМ ҚИЛИНДИ ВА... ЗУЛМКОРНИ КЕЧИРИШДИ
Халқимизда “элчига ўлим, совчига зулм йўқ”, деган ҳикмат бор. Ҳақиқатан ҳам элчи халқлар, миллатлар тинчлигини ўйлаб воситачилик қилгани учун унга ўлим раво кўрилмайди. Совчи эса... Унинг ҳам мақсади яхшилик йўлида воситачилик қилишдир. Шунинг учун ҳам бир оила билан иккинчи оила ўртасида қариндошлик ришталарини боғлашга ҳаракат қилгани, нияти яхшилик ва холис бўлгани учун унга зулм қилинмайди.
Совчига зулм – оила қадриятларига, инсонлар осойишталигига қилинган зулм ҳисобланади. Афсуски, баъзан одамлар орасида ана шу азалий қадриятларга амал қилмаслик оқибатида кўнгилсиз ҳолатлар содир бўлмоқда.
Туманимиз маҳаллаларидан бирида истиқомат қилувчи Баҳодир Одамбоев (исм-шарифи ўзгартирилди)нинг хонадони эшигидан яхши ният билан кириб келган совчи Азима Ёдгорова (исм-шарифи ўзгартирилди)ни, аввалига яхши кутиб олди. Олдиндаги режалар, тўй тадориклари ҳақида гаплашиб ўтиришди. Нима бўлди-ю, Азиманинг бир гапи Баҳодирга маъқул келмай, иккаласининг тортишуви ўзаро ҳурматсизлик, ҳақоратга, ростмана жанжалга айланди. Бир гапига ўн гапни қаторлаштириб ташлаётганидан жаҳли чиққан Баҳодир ўзини тутолмай Азимага қўл кўтарди. Тобора “жағи очилиб” кетган Азимани аввал урди, сўнг тепкилади. Совчига қилинган зулм Азиманинг соғлигига ўртача оғир тан жароҳати етказилишгача бориб етди. Оқибатида эса... улар судлашдилар.
Ушбу иш Жиноят ишлари бўйича туман судида кўрилишидан аввал жабрланувчи Азима Ёдгорова, унинг қонуний вакили ва судланувчи Баҳодир Одамбоевлар ярашганлиги муносабати билан иш юритилишини тугатиш бўйича судга ариза тақдим қилгани ҳамда судланувчи Баҳодир Одамбоев билан унинг қонуний вакили томонидан ҳам айнан шу мазмунда судга ариза келиб тушгани туфайли иш бўйича тўпланган барча ҳужжатлар атрофлича ўрганилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан томонларнинг ярашганлиги сабабли иш ҳаракатдан тугатилди. Лекин ...
Лекин минг афсуски, гарчи улар ярашган бўлсалар-да, бирининг қизиққонлиги, яна бирининг тили югуриклиги сабабли қуда-қудағайлар амал қиладиган ўзаро ҳурмат, оила деб аталган муқаддас тушунчага эътибор ва қадр-қиммат чегаралари бузилди. Азалий қадриятларга путур етди, совчига зулм қилинди. Илк марта фаришталар очган эшик ортидан қаттиқ ёпилди, ўртадаги самимият чўғи ўчди. Шунинг учун айтадилар-да, совчилик масаласида эркаклар босиқ, аёллар мулоҳазали бўлган жойда яхшилик дарахти бўй тиклайди, мева беради, деб.
С.ДАВЛЕТМУРОДОВ,
Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶