ЎЗИМИЗНИНГ КОСТЯ АКА
Тез тиббий ёрдам бўлими туман Тиббиёт бирлашмасининг асосий бўлимларидан ҳисобланади. Беморга илк тиббий ёрдам кўрсатиш ва илк муолажа айнан шу бўлим шифокорлари томонидан амалга оширилади. Беморнинг ҳолати ижобий томонга ўзгариши ҳам тез тиббий ёрдам кўрсатиш маданиятига боғлиқ.
Ҳозирги кунда Тез тиббий ёрдам бўлими туманимизнинг 199 мингдан зиёд аҳолисига узлуксиз равишда, тун-у кун хизмат кўрсатмоқда. Бўлимда 15 та бригада бўлиб, шулардан 4 таси марказ, яъни 1 таси жонлантириш ҳамда 3 таси тармоқ бригадалари ҳисобланади. 11 та бригада эса туман ҳудудларидаги шохобчалар негизида аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатади.
Тез тиббий ёрдам бўлими мудири Константин Шабаев ҳам ўз зиммасидаги вазифа масъулиятини чуқур ҳис этган ҳолда бўлим диспетчеридан тортиб, мутахассис шифокорлар, кичик тиббий ва техник ходимларгача ҳар бир чақириққа эътиборли бўлиш, белгиланган тартиб-қоида асосида иш олиб боришлари учун шароит яратишга ҳаракат қилади. Хусусан, бўлимга бир вақтда келиб тушган чақириқлар бўйича биринчи галда аҳволи оғир ва шошилинч тез тиббий ёрдам талаб этиладиган беморларга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Пандемия шароитида эса чақириқлар кўплиги инобатга олиниб, қўшимча диспетчерлик хизмати ташкил этилди.
Ушбу масъулиятли вазифани бажариб келаётган тажрибали шифокор Константин Шабаев амударёликлар учун бирдай қадрли меҳр-шафқат посбонига айланган, ким учун “ўзимизнинг Костя”, яна ким учун “Костя ака” ёки самимий дўст сифатида кўнгиллардан жой олган.
Ўз орзу-истакларини амалга ошириш учун интилган, ўқиб-изланган одам, албатта, кўзлаган мақсадига етишади. Интилиш инсонни ўз ҳатти-ҳаракатларини назорат қила билиш, қатъиятли бўлишга ўргатади. Константин Шабаев ҳақида сўз юритадиган бўлсак, асли зиёли оилада туғилиб-вояга етган бу инсоннинг орзулари қалбида қатъиятга айланганида ҳали ўсмир ёшда эди.
Туманимиздаги 1-сонли мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайдиган отаси Рафаэль Шабаев фарзандларига оилавий тарбия бериш билан бирга уларни ҳаёт сабоқларига чидамли, инсон сифатида ориятли, ватанпарвар, оилапарвар, ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга ўргатди. Оила даврасидаги суҳбатларда фарзандларининг ҳам билимини, ҳам дунёқарашини синовдан ўтказарди. Константин Шабаев ана шундай маънавий-тарбиявий муҳитда вояга етди. Ўз ҳаёт йўлини танлашда адашмади. Умумтаълим мактабини тугатиб, Андижон Давлат тиббиёт институтининг даволаш факультетига ўқишга кирди. Рус тилини мукаммал билгани, интилувчанлиги туфайли институтдаги таҳсил даврида доимо аълочи талабалар сафида бўлди. Ўз йўналиши бўйича тиббиёт илмига оид адабиётларни ўқишдан, устозлар тажрибасини ўрганишдан асло чарчамади. 1992 йилда институтни муваффақиятли тугатган Константин Шабаев Нукус шаҳридаги кўп тармоқли поликлиникада интернатура босқичини ўтади.
Илк меҳнат фаолиятини туман Тиббиёт бирлашмасининг тез тиббий ёрдам бўлимида навбатчи шифокор сифатида бошлаган Константин Шабаев қисқа фурсат ичида ўз фикрига, муолажа услубига эга шифокор сифатида танилди. Константиндаги хушмуомалалик, ўз касбига фидойилик ва ташкилотчилик қобилиятини инобатга олган раҳбарият 2017 йилда уни тез тиббий ёрдам бўлими мудири вазифасига тайинлашди.
Константин Шабаев раҳбарлик фаолиятини энг аввало бўлим ходимларининг қатъий меҳнат интизом асосида ишлашини ташкил этишдан бошлади. Чақириқларга вақтида жавоб бериш, мутахассис шифокорлар ва ҳамшираларнинг белгиланган режавий-жадвал асосида чақириқлар бўйича ишлашлари учун шароит яратди.
Бўлим раҳбари сифатидаги Константин Шабаевнинг фаолият кўлами анча кенг. Бўлимни сифатли дори-дармонлар билан таъминлаш, автомашиналарнинг чақириқларга ҳар бир сонияда соз ва тайёр туриши, замонавий тиббий билимни чуқур ўзлаштирган шифокорлар сафини ва уларнинг малакасини доимий равишда ошириб боришлари учун шарт-шароитлар яратиш, бўлимнинг бир маромда, узлуксиз фаолият юритишини таъминлаш каби вазифалар унинг ҳаёт мазмунига айланган.
Константин Шабаевнинг оиласи ҳам ибратли, ўзаро меҳр-оқибатдан ранг олган маданиятли самимият гўшаси. Умр йўлдоши Хосиятхон айни пайтда Тиббиёт бирлашмасининг ички дорихонасида доришунос сифатида фаолият юритмоқда. Қизи Ильмира, ўғли Комилжонлар олий таълим муассасаларида таҳсил олишади. Кенжа ўғли Рашиджон эса 30-сонли мактабнинг аълоси ўқувчиси.
Бўлим ходимларининг асосий иш вақти гоҳ йўлда, гоҳ чақирув келиб тушган хонадонларда ўтади. Тушлик, нонушта, кечки таомланиш вақти деган тушунча уларнинг иш жараёнига унчалик тўғри келмайди. Чақириқларга вақтида етиб бориш, беморга тиббий ёрдам кўрсатишни ҳар бир ходим ўз бурчи деб билади.
Халқ саломатлигини ҳаётидаги барча нарсадан устун қўйиб, фидойилик билан меҳнат қилаётган Тез тиббий ёрдам бўлими фидойилари доимо соғ-омон бўлсин.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶