Аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги ўрганилди
Коммунал тармоқларнинг барқарор фаолияти аҳоли турмуш сифатини таъминлайдиган энг муҳим омиллардан саналади. Шу боис давлат томонидан бу масалага доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Жорий йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш масалалари бўйича Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борада амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилган эди.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш, Амударё тумани аҳолисини ва ижтимоий соҳа объектлари ва кўп қаватли уй-жойларнинг куз-қиш мавсумини беталофат ўтказишларига замин яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси мутахассиси Шерзод Ибрагимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ 24 ноябрда туманимизда бўлди. Бу борада тумандаги мутасадди ташкилот раҳбарлари ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўрганишлар олиб борилди.
Айтиш керакки, Президентимиз томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда бу йил қиш совуқ келиши, ҳаво ҳарорати олдинги йилларга нисбатан 2-5 даража паст бўлиши кутилаётганлиги туфайли республикадаги 3 мингдан зиёд таъмирга муҳтож кўп қаватли уйни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, 131 та ижтимоий соҳа объектини мукаммал ва 3 мингтасини жорий таъмирлаш, тиббиёт ва таълим муассасаларининг тайёргарлик ҳолатини яхшилаш вазифалари белгилаб берилди. Бу йил куз-қиш мавсуми учун 6 миллион тонна кўмир маҳсулотлари зарурлиги қайд этилиб, уларни ғамлаш ва етказиб бериш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Кўмир нархининг асоссиз ошириб юбориш, тамагирлик ва талон-торож ҳолатларининг олдини олиш юзасидан зарурий кўрсатмалар берилди. “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятига табиий газ танқис ҳудудларга 385 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш вазифаси қўйилди.
Мазкур вазифаларни амалга ошириш мақсадида туманимизда бўлган ишчи гуруҳ дастлаб Боғ маҳалласидаги хонадонларга уйма уй кириб, уларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганди. Ўрганишлар жараёнидан маҳалладаги трансформатор эскилиги сабаб хонадонларда электр етишмовчилиги муаммоси мавжудлиги аниқланиб, ҳудуддаги қуввати 160 киловольт бўлган трансформатор кучланиши 250 киловольтли янги трансформаторга алмаштирилиб, муаммо жойида бартараф қилинди. Маҳаллада яшовчи кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларга мавсумни беталофат ўтказишлари учун амалий ёрдам бериш мақсадида 3 та оиланинг ҳар бирига 250 килограммдан кўмир берилди. Қолаверса, мазкур хонадонларнинг дудбўронлари тозалаб берилди. Шунингдек, фуқаро Бозорбой Мендиғалиевнинг кам таъминланганлиги ва яшаш хонадони таъмирталаб ҳолатга келиб қолганлиги сабабли қуриб берилаётган, жорий йил ноябрь ойи охирида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилаётган янги иморати ҳамда шу кунга қадар яшаб келаётган хонадони кўздан кечирилди. Бозорбой Мендиғалиев билан суҳбат чоғида кўмирга эҳтиёжи борлиги аниқланиб, фуқаронинг оиласига ярим тонна кўмир берилди.
Шундан сўнг ишчи гуруҳ аъзолари ўрганиш ишларини Хизр эли маҳалласида давом эттирдилар. Масъуллар ҳудуддаги хонаданларни ўрганиш давомида 105 ёшни қаршилаган онахон Парда Бекниязова хонадонида бўлдилар. Меҳмонлар онахон билан самимий суҳбат қуриб, хонадоннинг мавсумга тайёргарлик ҳолати кўздан кечирилди ҳамда хонадонга суюлтирилган газ баллони топширилди.
Мутасаддилар Қиличбой овулида яшовчи Ҳамида Полвонованинг хонадонини кўздан кечириш жараёнида мазкур хонадоннинг ҳам кўмирга эҳтиёжи борлиги, оила соҳибасининг саломатлигида муаммолар борлиги, қизи Нилуфар Янгибоеванинг бандлигини таъминлашда амалий ёрдам кераклиги каби муаммолар аниқланди. Ушбу муаммолар юзасидан тумандаги тегишли ташкилотларга топшириқлар берилди ҳамда оилага ярим тонна кўмир маҳсулоти берилди.
Шу билан бирга овулдаги тиббиёт, таълим-тарбия муассасаларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ҳам масъуллар эътиборидан четда қолмади. Овулдаги 15-сонли умумий ўрта таълим мактаби, 27-сонли мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 7-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасининг мавсумга тайёргарлиги ўрганилди. Ўрганиш жараёнида 15-сонли умумий ўртатаълим мактабининг мавсумга тайёргарлик ҳолати яхши эмаслиги, иситиш қозонхонаси носозлиги аниқланди ва объектнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати бўйича масъул ходимларига тегишли кўрсатмалар берилди.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶