ОПА-СИНГИЛЛАР ЎРТАСИДАГИ МОЖАРО ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛДИ
Фарзанд дунёга келтириб, вояга етказган, унинг камолга етиши учун борини бахшида этган ҳар бир ота-она кексалик ёшига етганида ундан иззат-ҳурмат кўришни истайди. Ҳаётда ўрнини топишига кўмак бериб, оёққа турғазган дилбандининг роҳатини кўриш умидида бўлади. Оқибатли фарзанд эса ўз навбатида дунёга келтириб, ҳаётини берган, ўзи учун фидо бўлган мўътабарларини эъзозлаб, доим бошига кўтариб яшайди.
Аммо минг афсуслар бўлсинки, асраб-авайлаб, катта умид билан вояга етказган ота-онасининг қадрига етмайдиган, кексайганида белига қувват, жонига дармон бўлиш ўрнига ўз ҳаловатини кўзлайдиган ноқобил фарзандлар ҳам йўқ эмас.
Республикамиздаги туманлардан бирида яшовчи Сарвихон исмли онахон ҳам 9 нафар фарзандни раҳматли умр йўлдоши билан биргаликда орзу-ҳавасларга кўмилиб улғайтирган эди. Айниқса, 8 нафари олий ўқув юртининг дипломига эга бўлишганида фарзандлари билан жуда фахрланишди. Аммо энди кексалик гаштини сурадиган пайтида отахон дунёдан ўтиб, онахоннинг ҳаловати йўқолди. Айниқса, хонадонида бирга яшаётган ўғли хизмат тақозоси туфайли бошқа туманга яшашга кетганида у янада ёлғизланиб қолди. Шундан кейин рўзғори бўлак бўлган бошқа ўғли оиласи билан келиб, бирга яшай бошлади. Онахон уйни шу ўғлининг номига ўтказгандан кейин фарзандлар ўртасида можаро бошланди.
Ўзидан тиниб-тинчиган бўлишига қарамасдан, бу бошқа фарзандларга ёқмади ва ўзаро келишмовчиликка сабаб бўла бошлади. Айниқса, ўз уйига олиб кетиб бирга яшаётган онахоннинг шифокор қизи Бахтигул ҳовлини қайтариб, номига ўтказишни талаб қилди ва уни кўндирди. Бу бири ўқитувчи ва бири тарбиячи бўлиб ишлайдиган бошқа қизларига, ҳовли эгаси бўлган ўғилга ёқмади. Улар онахонни яна уйга қайтариб олиб келишди. Шундан кейин ўртадаги келишмовчилик олдингидан ҳам кучайди. Бахтигул билан муросага келиш учун унинг уйига борган сингиллари Гулжамол ва Жанаройлар аксинча, жанжаллашиб қолишди. Ҳатто бир-бири билан дўппослашишгача боришди. Қаттиқ жаҳли чиққан Жанарой қўлига тушган ошхона буюми билан Бахтигулнинг дуч келган жойига уриб, енгил тан жароҳати етказди ва ушбу ножоиз қилмиши сабаб жиноий жавобгарликка тортилди.
Кекса онасини ардоқлаб, унинг оёғи остидаги жаннатни кўзларига суртиш ўрнига ҳаловатини бузиб, саргардон қилган ноқобил фарзандларнинг эл олдида ҳам юзлари шувут бўлди.
Умида Оразбаева, Нукус шаҳар ИИО ФМБ 1-сон ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳининг терговчиси, майор.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶