ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ ДОИРАСИДА ҲАРБИЙЛАР ВА ЎҚУВЧИ-ЁШЛАР УЧРАШУВИ ЎТКАЗИЛДИ
Ватан ҳимоячиларини шарафлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш, қолаверса, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва бурчга садоқат, юрт тақдирига дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлаш мақсадида юртимизда 2020 йил 15 декабридан 2021 йилнинг 15 январига қадар “Ватанпарварлик ойлиги” эълон қилиниб, турли тадбирлар ўтказилди. Жумладан, туманимизда ҳам “Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша” шиори остида аҳоли ва ёшлар ўртасида турли тадбирлар, учрашувлар, жанговар ҳарбий техникалар кўргазмалари ташкиллаштирилди.
Ойлик доирасида Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ҳамкорлигида 31-сонли мактабда ташкил этилган навбатдаги тадбирда тумандаги умумтаълим мактабларнинг ўқувчи-ёшлари учун ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳалардан кўргазма намойиш қилинди. Кўргазма намойиши давомида ёшлар ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳалар билан яқиндан таништирилиб, ҳарбийлар ҳаётига оид қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар.
Тадбирга ташриф буюрган тумандаги Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига қарашли 9202 ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари Санжар Тошматов, майор Элёр Жўрабоев, сержант Отабек Маҳмудов ва бошқа бир қатор ҳарбий хизматчилар ёшлар билан давра суҳбатини ўтказдилар.
Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилувчи ушбу тадбирни 31-сонли мактаб директори ўринбосари Дилбар Ўрозалиева очиб берди. У ўз сўзида юртимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни аҳолига етказиш ҳамда ёшларда мамлакатимиз келажаги учун фуқаролик маъсулиятини оширишда бу каби тадбирларнинг аҳамияти тўғрисида атрофлича тўхталиб ўтди. Юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва халқимиз осойишталигини ҳимоя қилишга қодир ғоят қудратли Миллий армиямиз шаклланганлиги, бугунги кунда ҳарбий соҳага қаратилаётган эътибор, яратиб берилаётган шарт-шароитлар хусусида ёшларга тушунчалар берди. Ушбу аҳамиятли тадбирни ташкил этган ҳамкор ташкилотларга миннатдорчилик билдириб, барчани байрам билан табриклади.
Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига қарашли 9202 ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари Санжар Тошматов ҳам сўзга чиқиб, мамлакатимиз мудофаа тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Ватанимизнинг ҳарбий салоҳияти ҳақида ўқувчи-ёшларга кенг тушунчалар берди. Айниқса, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий муҳофаза қилиш, уй-жой шароитларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, давлатимиз томонидан ҳарбийларга кўрсатилаётган бундай ғамхўрликлар чегараларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади. Майор Элёр Жўрабоев эса бугунги кунда ҳарбий соҳа нуфузи ортаётгани, олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқиш, Ватан ҳимоячиси бўлмоқдек эзгу ниятни дилига туккан ватанпарвар ёшлар сафи кўпайиб бораётгани ҳақида фахр билан сўзлади.
Шундан сўнг, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш қилинган ҳарбий машқлар, кўргазмали чиқишлар ёшларнинг Қуролли Кучларимиз ҳақидаги тасаввурларини янада бойитди. Ватанпарварлик ойлиги доирасида ўтказилган мазкур тадбир барча ўқувчилар қалбида Миллий армиямиздан фахрланиш ҳиссини уйғотиб, Ватанга муҳаббат, бурчга садоқат туйғуларини мустаҳкамлади.
О. Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶