ЮКСАК РЕЖАЛАР ИЖРОСИГА БОР КУЧ-ҒАЙРАТИМИЗНИ САФАРБАР ЭТАМИЗ
Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасини ўта қизиқиш билан тўлқинланиб тингладик. Юртбошимиз энг аввало жаҳон миқёсида сўнгги юз йилда рўй бермаган улкан фалокат тўғрисида гапириб, пандемия жаҳон иқтисодиёти учун – ҳар ойда қарийб 400 миллиард доллар миқдорида зарар етказаётганлиги, шу билан бирга бугунги кунга қадар дунё бўйича 500 миллионта иш ўрни йўқотилганлигини таъкидлаб ўтдилар. Давлатимиз томонидан пандемия оқибатларини юмшатиш учун жами 82 триллион сўмлик комплекс чора-тадбирлар амалга оширилган.
“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида 800 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилаларга 1 триллион сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилган. Шу жумладан айтадиган бўлсам, биргина бизнинг Амударё туманимизда тижорат банклари томонидан 7213 та кредит шартномалари бўйича 61 млрд. 500 млн. сўмлик кредитларни тўлаш муддати кечиктирилди. Шунингдек, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида 11,5 минг фуқароларга 6,5 млрд. сўмлик молиявий ёрдамлар кўрсатилди.
2021 йилга мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берилиши билан соҳаларни тубдан ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошириш белгиланди.
Камбағалликни қисқартириш борасида комплекс ёндашув ва ностандарт усуллар жорий этилади. 2021 йилдан тўлиқ ишга тушадиган “Ижтимоий реестр”да “Темир дафтар”даги барча маълумотлар қамраб олиниб, эҳтиёжманд оилаларга 30 дан зиёд ижтимоий хизматлар электрон шаклда кўрсатилади.
Эндиликда “Темир дафтар”га киритилган ҳар бир фуқарони камбағалликдан чиқариш бўйича “мотивация, кўникма ва молиявий кўмак” тамойили асосида янги механизм жорий этилади.
Инвестиция сиёсатини юритишда давлат иштирокини пасайтириб, хусусий ва тўғридан-тўғри инвестициялар улушини ошириш, 2021 йилда 23 млрд. доллар қийматидаги инвестицияларни ўзлаштириш, натижада 226 та йирик саноат ва инфратузилма объектлари ишга туширилиши белгиланди.
Мурожаатномада таъкидланганидек, глобал пандемия озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратиш зарурлигини яна бир бор тасдиқлади. Шу боисдан ҳам асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида импорт соҳасидаги бож тўловлари бўйича берилган имтиёзлар яна бир йилга узайтирилди.
Тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бўйича янада қулайлик яратиш мақсадида 105 та лицензия ва рухсатнома турлари бекор қилинади, 115 таси бўйича эса тартиб-қоидалар соддалаштирилади.
Тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни давом эттириш мақсадида оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида келгуси йилда 6 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилади.
Бундан буён ҳар бир қишлоқ ёки маҳалла ўз йўналиши ва “ўсиш нуқталари”дан келиб чиқиб ривожлантирилади. Бунинг учун 2021 йилда 3 триллион сўмлик маблағга эга бўладиган ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси тузилади.
2021 йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари учун Халқаро молия институтларининг 270 миллион доллар маблағи йўналтирилади.
Президентимиз Мурожаатномасида барча соҳаларни тубдан ўзгартириш мақсадида белгилаб берган вазифалари бизнинг зиммамизга ҳам улкан масъулиятлар юклайди. Халқимизнинг обод-фаровон, тўкин ва осойишта яшаши, юртимиз равнақи йўлида бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз.
Қадамбой ИСМОИЛОВ, туман ҳокимлиги иқтисодиёт ва тадбиркорлик бўйича мажмуаси бош мутахассиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶