ҚУЛАЙ, ТЕЗ ВА СИФАТЛИ ХИЗМАТ КЎРСАТИЛМОҚДА
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларининг Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтказилиши натижасида хизматларни кўрсатиш қулай, тез ва сифатли тарзда амалга оширилмоқда.
Барча соҳаларда бўлгани каби ФҲДЁ органларида ҳам электрон тизимга ўтилаётгани мурожаатчиларнинг вақти тежалиб, аризалари қисқа муддатларда ҳал қилинишига асос бўлаётир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 ноябрдаги “Туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарорига асосан туғилган боланинг ота-онаси ёки васийси (ҳомийси), тутинган ота-онаси, уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёки уларнинг яқин қариндошларига ёхуд ота-онасидан бири ваколат берган бошқа шахсларга туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома олиш, туғилганликни қайд этиш, поликлиникага ҳисобга қўйиш, бир марталик нафақа пулини олиш, болани отаси ёки онаси ёхуд васийси (ҳомийси), тутинган ота-онаси доимий рўйхатда турган манзили бўйича рўйхатга қўйиш ҳамда болани давлат мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш бўйича комплекс давлат хизматлари кўрсатиш орқали фуқароларнинг оворагарчиликларига чек қўйилиб, мурожаатчининг битта аризаси билан 6 та хизмат бир йўла кўрсатилмоқда.
Ҳозирги кунда туман Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимида электрон ва онлайн қабуллар ташкил этилгани, кўп турдаги аризалар бўлим ходимлари томонидан электрон равишда тўлдирилиб, фуқаронинг фақат батафсил танишиб чиқиб имзо қўйиши йўлга қўйилгани мурожаатчиларнинг кутиш вақтининг тежалишига замин бўлаётир.
Туғилганлик, никоҳ тузилганлиги ва бошқа турдаги гербли гувоҳномалар ҳам электрон равишда тўлдирилади, барча турдаги далолатнома ёзувлари электрон равишда бўлим ягона электрон архиви ахборот тизимига киритилмоқда.
Туман Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан 2020 йил давомида 4519 та туғилганликни қайд этиш гувоҳномалари берилди. Шунинг 23 нафари туғилганлиги муддатида қайд этилмаган болаларга тегишли эди. Бўлим ходимларининг қўшимча ҳужжатлар тўпланишида берган амалий ёрдамлари туфайли 23 нафар боланинг туғилганлиги қайд этилди. Қонуний никоҳдан ўтмаган ота-оналардан туғилган 203 нафар болаларга оталик белгиланди. Бу кўрсаткич тегишли тушунтириш-тарғибот олиб борилганлиги туфайли 2019 йилга нисбатан 127 нафарга, ёлғиз онадан туғилганлар 2019 йилга нисбатан 43 нафарга камайган.
Шунингдек, 2020 йилда бўлимда 1419 та никоҳ қайд қилинди, сайёр равишда қайд қилинган никоҳлар сони 40 тани ташкил этди.
Йил давомида никоҳдан ажралиш ҳолати 84 та бўлиб, бу кўрсаткич ҳам аввалги йилдан 25 тага камайишига эришилди. Шу кунгача фуқаролардан келиб тушган жами 70 та мурожаатларга тегишли равишда ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. 30 нафар фуқарога МДҲ давлатларидан гувоҳнома ва маълумотлар олишда амалий ёрдам берилди.
Фуқароларга кўрсатилган ҳуқуқий хизматлар натижасида жами 110 миллион 881 минг 300 сўмлик давлат божи, 226 миллион 599 минг 900 сўм герб йиғими, 27 миллион 714 минг 440 сўм пуллик хизмат йиғими ундирилди.
Санобар Холбоева,
туман ФҲДЁ бўлими мудираси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶