СЕКТОР РАҲБАРИ ҚИЛИЧБОЙЛИК ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШДИ
Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг салмоқли қисмини ташкил этадиган ёшларнинг ҳаётда ўз ўринларини топиши, ўқиши ва муносиб шароитларда меҳнат қилиши, яшаши учун ғамхўрликлар кўрсатиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади.
Қиличбой овул фуқаролар йиғинида Давлат хавфсизлик хизмати, туман ҳокимининг ўринбосарлари, корхона-ташкилотлар раҳбарлари иштирокида туман прокурори раҳбарлик қиладиган 2-сектор ишчи гуруҳи аъзоларининг ўтказган “Прокурор ва ёшлар учрашуви” ҳам ёшлар муаммоларини ўрганиш, уларнинг орзу-интилишлари билан танишиб, қўллаб-қувватлаш мақсадларига қаратилди.
Учрашувга 38 нафар овул ёшлари ва фуқаролар иштирок этдилар.
Учрашувни туман прокурори Жавлонбек Муфтуллаев очди ва овулнинг ишсиз ёшларининг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва имкон қадар жойида ҳал қилиш, ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, қобилиятларини намоён этишларига шароит яратиш мақсадида жонли мулоқот ташкил этилганини, мамлакатимиз раҳбари муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз” дея уларга юксак ишонч билдирганини, қиличбойлик ёшлар ҳам ана шу ишончга муносиб бўлмоғи лозимлигини таъкидлади.
Шунингдек 2-сектор ишчи гуруҳи аъзолари ҳам сўзга чиқиб, ёшлар ҳаётидаги муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш борасидаги олиб борилаётган ишлар ҳамда ёшларнинг одоб-икромли бўлиши, муомала, кийиниш маданиятига амал қилиши, жамиятда юриш-туриши билан бошқаларга ўрнак бўлиши лозимлиги хусусида тарғибот-ташвиқотлар олиб борилаётганлиги ҳақида гапирдилар.
Шундан сўнг, туман прокурори, 2-сектор раҳбари Жавлонбек Муфтуллаев учрашувга келган ёшлар билан юзма-юз суҳбат ўтказди ва мурожаатларини тинглади.
Ҳудуд ёшлари ёшлар саноат зонасидан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун ер ва имтиёзли кредит олишда, касбга ўқитиш масаласида, тикувчилик цехи очиши учун имтиёзли кредит олишда ва бошқа масалаларда амалий ёрдам сўраб мурожаатлар қилишди.
Шунингдек, ёшлар паррандачилик, чорвачилик йўналишида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, ўз-ўзини банд қилиш учун кредит олишда, касбга тайёрлаш юзасидан ёрдам сўрадилар.
Ёшларнинг мурожаатларининг айримлари жойида ҳал этилди, айримларини ҳал этиш юзасидан тегишли масъулларга топшириқ берилди ва ижроси 2-сектор ишчи гуруҳи назоратига олинди, айримларига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Учрашувда иштирок этган тумандаги корхона, ташкилотлар, тижорат банклар филиаллари раҳбарлари тегишлилиги бўйича ёшларнинг саволларига жавоблар бердилар.
Учрашув сўнгида туман прокурори Жавлонбек Муфтуллаев деҳқончилик билан шуғулланиш истагини билдирган бир гуруҳ ишсиз ёшларни ҳудуддаги ажратиб берилиши мумкин бўлган ерлар ҳаритаси билан таништирди.
Ёшлар ҳаётига ёки улар яшаётган ҳудудларга дахлдор муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишга кўмаклашиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишларига кўмаклашиш, фикр-таклифларини тинглаш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган “Прокурор ва ёшлар учрашуви” қиличбойлик ёшларга юқори мативациялар берди, орзу-истаклари сари дадил интилишга чорлади.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶