“ОБОД ҚИШЛОҚ” ДАВЛАТ ДАСТУРИ ДОИРАСИДА ХИТОЙ ОВУЛИ ЯНАДА КЎРКАМ ҚИЁФА КАСБ ЭТАДИ
Халқимизнинг турмуш шароити, яшаш муҳити яхшиланган сари ҳаётдан рози ва фаровон, бахтиёр яшайди. Шу боис, халқ фаровонлигини ошириш, ҳар бир инсоннинг давлатдан рози яшашини таъминлаш мақсадида Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимихда кенг миқёсли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, сўнгги икки йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида, жами 1116 та қишлоқ ва маҳаллаларида истиқомат қилувчи аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини ошириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилди.
Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги ва 2018 йил 27 июндаги “Обод маҳалла” дастури тўғрисида”ги Фармонлари ҳамда 2020 йил 30 декабрь кунги Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида туманимизда ҳам “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида Жумуртов шаҳарчаси ва Хитой овули ҳудудларида аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ҳамда шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтиришга қаратилган бунёдкорлик ишларини амалга ошириш чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Унга кўра, фақат Хитой овулининг ўзида ижтимоий соҳа объектларидан 2-сонли умумтаълим мактаби биносида 5 млрд 908 млн. сўмлик, 45-сонли мактабгача таълим ташкилоти биносида 3 млрд 360 млн. сўмлик мукаммал таъмирлаш ҳамда Хитой овул фуқаролар йиғини маъмурий биносида зарур таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
Шунингдек, овул ҳудудидаги инфратузилма объектлари ҳолатини яхшилаш, бунинг учун 5,95 км. узунликдаги ички кўча йўлларини ҳамда овулни бошқа ҳудудлар билан туташтирувчи Куюк кўпир - Хитой овуллари автомобиль йўлларини таъмирлашга алоҳида эътибор қаратилиб, автомобиль ва ички кўча йўлларини таъмирлаш мақсадлари учун 1190 млн. сўм маблағ йўналтирилади. Ҳудуддаги автомобиль йўллари бўйига 1,1 км. узунликдаги пиёдалар йўлакчасини янгидан қуриш учун 275 млн. сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида ҳудуддаги автомобиль йўллари бўйига 81 млн. сўм маблағ ҳисобига 35 та тунги кўча ёритиш чироқлари ўрнатилиб, овул ҳудудидаги 35 та таянч устунларни реконструкция қилиш ва 19,5 км. узунликдаги электр тармоқлари ва 6 та трансформатор пунктларида мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Ичимлик сув таъминотини яъшилашга қаратилган чора-тадбирлар режасига кўра, ҳудуд аҳолисига тоза ичимлик сувини етказиб бериш мақсадида Хитой қишлоғи ҳудудига 2 та тозаланган сув тарқатиш шохобчасини янгидан ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, ушбу шохобчалар ишга туширилгач, овул аҳолисини тоза ичимлик суви билан мунтазам таъминлаш имконияти яратилади.
Бундан ташқари, инфратузилма объектларини ободонлаштириш ишлари ҳам амалга оширилади. Унга кўра, овул ҳудудидаги якка тартибдаги турар жойлар ҳолатини яхшилаш бўйича 45 та уйларнинг том қисмини таъмирлаш, 115 та уйларнинг фасад қисмини, 12 та уйнинг дарвозахоналари ҳолатини яхшилаш, 45 та иҳота деворларини янгидан қуриш ва 22 тасини таъмирлаш режалаштирилмоқда. Ҳудудда кўкаламзор майдонларни кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади ва янгидан дарахтзорлар, гулзорлар ташкил этиш режага киритилган.
Милиорация тармоқларини реконструкция қилиш эвазига ҳудудда деҳқончилик маданиятини янада юксалтиришга алоҳида аҳамият берилади. Бунинг учун овул ҳудудидаги 3 км. узунликдаги мелиорация тармоқлари реконструкция қилинади. Шунингдек, аҳоли тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида 8 та савдо мажмуаларини бунёд этиш режалаштирилган.
Давлат дастури доирасидаги ушбу режалар амалга оширилгач, Хитой овул фуқаролар йиғини ҳудуди обод гўшага айланиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги янада юксалади. Бу эса ҳудуд аҳолисининг янги марралар сари интилиб яшашларида муҳим омил бўлиши табиий.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶