ТУМАНИМИЗДА СПОРТ ЯНАДА ОММАЛАШАДИ
Амударё тумани жисмоний тарбия ва спорт бўлими 2018 йил 5 майдаги Президентимизнинг тегишли Фармонига асосан ташкил этилган бўлиб, ташкилий тузилмасида бўлим бошлиғи, спортни ривожлантириш ва саралаш (селекция) бўйича бош инспектор, оммавий спортни ривожлантириш ва жисмоний тарбия-спорт тадбирларини ташкил этиш бўйича бош инспектор, бўлим ҳисобчиси лавозимлари мавжуд. Бўлим туманда спорт соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган ҳисобланади.
Туман Жисмоний тарбия ва спорт бўлими томонидан 2021 йилда аҳолининг кенг қатламларини спортга жалб қилиш мақсадида мусобақалар календарь режаси ишлаб чиқилди ва туман ҳокимлиги томонидан тасдиқланди.
Режага кўра, ҳар ойнинг биринчи ҳафтаси “Ёшлар ҳафталиги”, иккинчи ҳафтаси “Хотин-қизлар ҳафталиги”, учинчи ҳафтаси “Маҳалла ва нуронийлар ҳафталиги”, ҳар ойнинг тўртинчи ҳафтаси “Таълим муассасалари ҳафталиги” этиб белгиланган.
Туманнинг барча ҳудудларида аҳолининг кенг қатламлари ўртасида оммавий бадантарбия машғулотларини ўтказиш учун мавжуд 17 нафар хусусий тадбиркорлар томонидан қурилган сунъий қопламали мини футбол майдончаларнинг 10 тасида қўшимча бадантарбия машғулотларини бажариш учун турник ва бруслар қурилди.
“Соғлом ҳаёт сари 5000 қадам” шиори остида оммавий юриш тадбирларини ташкил этиш режа –дастури тузилди ҳамда ушбу дастур асосида оммавий юриш тадбирлари ўтказилмоқда. Юриш тадбиридан кейин оммавий бадантарбия машғулотлари ўтказилмоқда.
Туманимизда жами 19 та сунъий қопламали футбол майдончалари мавжуд бўлиб, 4 таси 2020 йилда қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шундан 2 таси идора ва ташкилотларга, 17 таси хусусий тадбиркорларга тегишли.
Спортнинг дзю-до тури бўйича 2021 йил февраль ойида Исроилда ўтказилган мусобақада юртдошимиз Шарофиддин Болтабоев фахрли биринчи ўринни эгаллаганидан барчамиз фахрландик.
Шунингдек, 2021 йил бошидан буён туманимиз спортчилари Ўзбекистон чемпионатларида 2 та олтин, 1 та кумуш, 3 та бронза медалларини қўлга киритиб қайтишди.
Туманимизда битта Болалар-ўсмирлар спорт мактаби мавжуд бўлиб ҳозирги кунда 142 гуруҳда 1494 ўқувчи (254 нафари қизлар) қамраб олинган.
Туманимизда аҳолининг турли қатламлари ўртасида спорт мусобақалари ташкил қилинмоқда. Жумладан шу кунгача жами 117 мусобақа ўтказилиб, 8174 нафар иштирокчи (шундан 2900 нафари хотин-қизлар) қамраб олинди. Шунингдек, Фармонга мувофиқ туманимиздаги барча маҳаллаларда 2021-2025 йилларда қуриладиган бадминтон, стритбол, ва “Workout” спорт турлари учун махсус майдончаларнинг манзилли рўйхати ишлаб чиқилмоқда. Туманнинг аҳоли учун қулай бўлган ҳудудларда замонавий юриш ва югуриш учун “Саломатлик йўлаклари“ ҳамда велосипедда ҳаракатланиш учун велосипед йўлакларини ташкил этиш (қуриш) лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Албатта, амалга оширилаётган бунингдек саъй-ҳаракатлар келгусида туманимиз спорт шарафи юксалишига замин бўлади.
Ғуломжон ҚУРБОНБОЕВ, туман Жисмоний тарбия ва спорт бўлими бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶