Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди
Инсоният пайдо бўлибдики, Аёлга – Онага буюк эҳтиром кўрсатиш наинки анъана, балки башариятнинг азалий, қон-қонига сингиб кетган ирсиядирки, бу борада ҳеч бир халқда хатога йўл қўйилмайди – инсон зоти борки, Аёлга Онага томон интилиб яшайверади. Бу интилишда илоҳий сеҳр бор, илоҳий синоат бор.
Жорий йилнинг 5 март санасида туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими биносида бўлиб ўтган туман хотин-қизларининг 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанаси маросимда ҳам туманимизнинг, эъзоз-у эҳтиромга муносиб аёл-қизлари шарафланди.
Аёлни, муҳтарама оналарини шарафловчи шеърлар, дил сўзлари билан бошланган тадбирда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев табрик нутқи сўзлади. У ўз нутқида туманимиз ҳаётининг барча жабҳаларида фидойилик намуналарини кўрсатаётган аёл-қизларнинг номларини ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олиб, уларни гўзаллик ва нафосат айёми билан самимий муборакбод этди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Либерал демократик партияси Кенгаши раиси, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Актам Ҳаитов, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши аппарати раҳбари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Шарап Ўтемесов, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Муқаддас Бекназаровалар туманимиз хотин-қизларини Халқаро хотин-қизлар байрами билан табриклаб, уларнинг ўзлари меҳнат қилаётган соҳаларда эришаётган меҳнат қилаётган соҳаларда эришаётган ютуқларини алоҳида эътироф этишиб, соғлик, омонлик тиладилар.
Тантанали байрам тадбирида туманимиз ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий, маданий ҳамда соғликни сақлаш соҳаларида меҳнат қилаётган фаол аёл-қизларидан бир гуруҳига туман ҳокимлиги томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.
Байрам тадбирида туман маданият бўлими томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.
Мамлакатимизда азиз ва мўътабар аёл зотини улуғлаш, опа-сингилларимизнинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни ва нуфузини ошириш, ўзининг кўп йиллик самарали меҳнати, бой амалий тажрибаси билан оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш, фарзандларимизни она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларига катта ҳисса қўшаётган хотин-қизларимизни муносиб қадрлаш мақсадида қатор амалий ишлар қилинмоқда.
Дарҳақиқат, барча соҳаларда фаол бўлиб, ўзининг иқтидори ва ибратли фаолияти билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётган, турли соҳа ва тармоқларда қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқараётган, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда чуқур билим ва интеллектуал салоҳиятини намоён этиб, ўз ғоя ва ташаббусларини илгари сураётган, ижтимоий ҳаётда фаоллик кўрсатаётган аёл-қизларимизни ҳар қанча шарафласак ҳам кам.
Баҳор гўзаллиги, Аёл ва Она, меҳр-муҳаббат туйғулари тараннум этилган концерт дастури барча иштирокчиларга хуш кайфият бағишлади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶