НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАР ВА УЛАРНИНГ ЛОЙИҲАЛАРИНИ КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ ЭКСПЕРТИЗАДАН ЎТКАЗИШ БЎЙИЧА ЎҚУВ-СЕМИНАР ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сонли Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга кўра, Адлия вазирлигининг асосий функцияларидан бири норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни қонунчиликка, халқаро шартномалар нормаларига, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини, уларни коррупцияга, бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этишга шарт-шароит яратувчи, шунингдек жисмоний ва юридик шахслар учун ортиқча маъмурий ва бошқа чекловларни жорий этувчи қоидалар ва нормаларни аниқлаш нуқтаи назаридан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, туман Адлия бўлими томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва давлат органларининг ҳудудий тузилмалари учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишнинг янги тартибини тушунтириш бўйича ўқув-семинар ташкил қилинди.
Ўқув-семинар ишида туманимиздаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва давлат органларининг ҳудудий тузилмалари мутахассис-ходимлари иштирок этдилар.
Ўқув-семинар иштирокчиларига туман Адлия бўлими мутахассиси Жамшид Бекимбетов “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари бўйича батафсил тушунчалар берди. Шу билан бирга, иштирокчиларга коррупцияга қарши экспертиза коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этиш имкониятини яратадиган, коррупцияни юзага келтирадиган омилларни аниқлаш, лойиҳани қабул қилишнинг коррупцион ҳолатлар учун имконият яратадиган оқибатларини умумий тарзда баҳолаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш жараёнида коррупция хусусиятига эга таваккалчиликларнинг юзага келиш эҳтимолини прогноз қилиш, аниқланган коррупцияни юзага келтирувчи омилларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқиш ва чоралар кўриш мақсадида амалга оширилиши аниқ мисоллар асосида тушунтирилди.
Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Хусусан, болани мактабгача таълим ташкилотига қабул қилиш бўйича шакллантириладиган рўйхатнинг шаффофлигини таъминлаш, ер участкаларини ажратиш жараёнида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш, турар жойлар ва нотурар жойларни давлат рўйхатидан ўтказиш, ер, мулкка эгалик муносабатларини белгилаш, шунингдек, ворислик ҳамда мерос ҳуқуқлари юзасидан берилган саволларга туман Адлия бўлими мутахассиси Жамшид Бекимбетов батафсил жавоб берди. Шу билан бирга, айнан ана шундай ҳолатларда коррупцияга қарши экспертиза ўтказиш нафақат фуқаролар, балки давлатимиз учун ҳам коррупцион ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶