ДАЪВО ИШЛАРИНИ ЮРИТИШ ВА ИШЛАРНИ СУДДА КЎРИШ БЕЛГИЛАНГАН МУДДАТЛАРДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ
Умумий юрисдикция судидаги фуқаролик ишларининг асосий қисми даъво ишларини юритиш тартибида кўрилади. Судда даъво ишларини юритиш тартибида кўриладиган ишларга фуқаролик, меҳнатга доир, оилага доир, уй-жойга доир, агар қонун ҳужжатларида кўришнинг ўзга тартиби белгиланган бўлмаса, бошқа ҳуқукий муносабатлардан келиб чиқадиган даъволар бўйича ишлар киради.
Даъво тартибидаги ишларни юритиш суд ишларини юритишнинг бошқа турларига қараганда ўзига хос процессуал хусусиятлари билан ажралиб туради. Даъво тартибидаги ишларда судга даъво тақдим этиш, судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш шахсларнинг суд химоясига бўлган конституциявий ҳуқуқининг таркибий элементи ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасига кўра, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.
Ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини химоя қилиш учун қонунда белгиланган тартибда судга мурожаат қилишга ҳакли эканлиги ҳамда судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан воз кечиш ҳақиқий эмаслиги ўз ифодасини топган. Даъво муайян иш бўйича фуқаролик процессини қўзғатишнинг асосий воситаларидан биридир. Шунинг учун даъво тартибидаги ишларни ўрганиш бир пайтнинг ўзида умумий юрисдикция судларига тегишли бўлган деярли барча ишларнинг асосий қоидаларини тушунтириш ва бир пайтда ахборот олиш имкониятини беради.
Судларда фуқаролик ишларини юритишда процессуал муддатларга риоя этиш суд хокимиятини амалга оширувчи барча босқичдаги судлар учун ҳам, ишда иштирок этувчи шахслар учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Процессуал муддатларнинг асосий ўзига хос жиҳати шундан иборатки, мазкур муддатлар айнан процессуал ҳаракатларни амалга ошириш вақтини белгилайди. Даъво мудатининг ўтиши моддий ҳуқуқнинг тугатилишига олиб келмайди ва шахснинг суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
Процессуал муддатлар қонун билан белгиланади ёки суд томонидан тайинланади, ишда иштирок этувчи шахслар ҳам, шунингдек, одил судловни амлга оширишга кўмаклашувчи шахслар ҳам ўз келишувлари орқали процессуал муддатларни ўзгартириш ҳуқуқига эга бўлмайдилар. Процессуал ҳаракат фуқаролик процессуал қонунчилиги билан белгилаб қўйилган, ишда иштирок этувчи тарафлар, фуқаролик ишларини кўрувчи судлар, айрим ҳолларда ишда иштирок этувчи бошқа шахслар томонидан амалга ошириладиган хатти-ҳаракатлардир.
Процессуал муддатлар йиллар, ойлар ва кунлар билан ҳисобланади, процессуал муддатлар процессуал ҳаракатлар бажарилиши мумкин бўлган давр эътиборга олиниб, аниқ календарь куни билан белгиланади. Муддатнинг ўтиши календарь сананинг ёки муддатнинг бошланиши деб белгиланган воқеа юз берган куннинг эртасидан бошланади. Йиллар билан ҳисобланадиган муддат унинг охирги йилининг тегишли ой ва кунида тамом бўлади. Ойлар билан ҳисобланадиган муддат тегишли ойда ва муддат охирги ойининг тегишли кунида тамом бўлади.
Барча бўғиндаги судлар ва иш бўйича ишда иштирок этувчи шахслар процессуал ҳаракатларни бажариш борасида ўрнатилган процессуал муддатларга қатъий риоя қилишлари лозим.
Қ.Атамурадов, Фуқаролик ишлари бўйича Амударё тумани суди раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶