ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР БИЛАН ИШЛАШИШ БЎЙИЧА СЕМИНАР-ТРЕНИНГ ЎТКАЗИЛДИ
21 апрель куни 15-сонли умумтаълим мактабида “Вояга етмаганлар ўртасида ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш” мавзусида “Ҳаёт гўзал, чунки унда Мен борман” шиори остида амалий семинар-терининг бўлиб ўтди. Семинар-тренингни 15-сонли мактаб психологи Меҳрибон Жуманиёзова очди ва олиб борди. Семинар-тренингнинг асосий мавзуси ўсмирлар “мен”и ва дўстлари билан дўстона муносабатларини ривожлантиришга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этди.
Семинар-тренингни ўтказишдан мақсад ўқувчиларнинг ўзлигини англашларига кўмаклашиш, уларнинг “мен” даражасини аниқлаш ва ўзаро инсоний муносабатларини намоён этишларига шароит яратишдан иборат бўлиб,унда мактабнинг юқори синф ўқувчилари фаол иштирок этдилар. Семинар-тренинг давомида “Мен кимман?” “Ишончли сайил” машқлари ва кайфиятни кўтарувчи ўйинлар ўтказилди. 10-11-синф ўқувчиларидан иборат иштирокчилар машқлар жараёнида фаол қатнашиб, ўз инсоний муносабатларида дунёқарашлари ва “мен”ини намоён қилдилар. Ҳаётга муносабатларини баён этишиб, шукроналик туйғуларини қалбдан ҳис қилдилар.
Семинар-тренингда туман ХТБ ҳузуридаги ташхис маркази психологи Татяна Пирлепесова ва туман мактаблари амалиётчи-психологлари ҳам иштирок этишиб, ўқувчиларнинг шахсий фикрлари, ўзлигини намойиш этиш мақсадида ҳаётдан олган таассуротлари хусусидаги нутқ ва маърузаларини психологик жиҳатдан таҳлил қилдилар ҳамда уларнинг чиқишларини ижобий баҳолашди. Шу билан бирга ХТБ ташхис маркази психологи Татъяна Пирлепесова вояга етмаганлар ўртасида ўз жонига қасд ва суиқасд қилишнинг ёшлар, бутун жамият учун келтирадиган салбий оқибатлари, ўсиб келаётган ёш авлод психологиясига таъсири хусусидаги ўз кузатишлари ҳамда фикрлари хусусида батафсил тўхталди.
Шундан сўнг, туманимиз мактабларидан ташриф буюрган амалиётчи-психологлар ўзлари фаолият юритаётган ўқув муассасаларида вояга етмаганлар билан ишлашиш, айниқса, ўтиш давридаги ўсмир-ёшлар хулқ-атворида юз берадиган табиий ва руҳий ўзгаришлар, уларнинг феъл-атворида кузатиладиган таъсирчанлик, фикр ўзгарувчанлиги каби ҳолатларда амалга ошириладиган яккама-якка ва жамоавий суҳбатлар, вояга етмаганларнинг дунёқарашини ижобий шакллантириш борасидаги ишлари бўйича ўзаро тажриба алмашдилар. Семинар-тренинг машғулотларини муҳокама этишиб, тажрибали амалиётчи-психологлардан зарур маслаҳат ва тавсиялар олдилар.
Семинар-тренинг якунида барча қатнашчилар ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашиб, тадбирнинг юқори даражада тайёрлангани ва ниҳоятда қизиқарли ўтганлигини таъкидладилар ва мактаб психологи Меҳрибон Жуманиёзовага ўз миннатдорчилигини билдирдилар.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶