СОХТА САЛАФИЙЛАР ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАСИЗ?
Ҳозирги замонамизда соҳта салафийлар томонидан қуйидаги: “эй биродар нега биз фақатгина Қуръон ва суннатга ва уларда келган саҳиҳ хабарларга эргашмаслигимиз керак», деяётган даъво гапларини эшитиб қоламиз. Албатта бу гап оддий мусулмонга жудаям ишончли кўриниши мумкин ва умматни бирлашишига олиб борадиган нарсадек туюлиши мумкин. Гўёинки улар айтганлари амалга ошса умуман ихтилоф ва фитна ҳамда уламолар ўртасида ихтилофлар барҳам топадигандек. Мана шу каби гапларни эшитган оддий мусулмон одам ўз навбатида ўзини тўрт фиқҳий мазҳабдан бирига эргашаётганини айб санаб осонгина ўшаларни гапига алданиб қолади. Баъзи бир “Салафий»лар ушбу тўрт мазҳабни Ислом дини ичидаги фирқа-оқимларга ўҳшатадилар, ваҳоланки тўрт мазҳаб ислом динининг тўрт катта мактаби бўлиб, саҳобалар ва тобеинлар йўлига асосан қурилгандир ва уларнинг йўлларини давомидир. Яна бир нарсани айтиб ўтиш ўринли бўлади тўрт фиқҳий мазҳабни ҳамма “салафийлар«» ҳам инкор қилишмайди аммо мазҳаблар керак эмас деб мазҳаббошиларни ҳақорат қилаётганлар кўплаб топилади. Мазҳаблар керак эмас деяётганларни ўзларини Аллоҳ таоло жазо сифатида еттига яқин фирқаларга бўлиб ташлади. Ўз навбатида ўша еттита фирқа ҳам бир нечта турли хил фирқаларга бўлинишга улгуриб бўлди.
Уларнинг ҳақиқий аҳволи ҳақида бир мисол, узоққа бормайлик МДҲ давлатларида фаолият олиб бораётган салафийлик тарафдори Абу Яҳё Кримскийни Абдулла Костекский муржия деб айблаши ва Ринат Абу Муҳаммад Абдулла Костексийни умуман шаръий илми йўқлигида айблашлари салафийлик фирқасини инқирозга учраётганидан бир мисол бўла олади. Воқеъликда юқоридаги санаб ўтилган барча олимлар тўрт мазҳабни инкор қилишади, Аллоҳ таоло уларни тафриқаланиш билан бу дунёни ўзида жазолаб қўйди. Eнди кўзга кўринган уч олим Ибн Усаймийн, Албоний ва Ибн Бозларни оладиган бўлсак уларнинг ўртасида ақида масаласини ўзида тўққизта масалада ихтилофлари бор бу ва бошқа ихтилофлар саудиялик олим Саъд ибн Абдуллоҳ Ал Барийк томонидан ёзилган “الإيجاز في بعض ما اختلف فيه الألباني وابن عثيمين وابن باز«1»-“Албоний ва Ибну Усаймийн ва Ибнул Боз ихтилоф қилган баъзи масалалар ҳақида қисқача баён». Мазкур китобнинг 53-бетидан бошлаб ақидавий ихтилофлари учун бир бўлим ажратилган. Мана шу ихтилофлардан билса бўладики улар ўзлари Қуръон ва суннатни қай бирлари тўғри талқин қилаётганларини келиша олмаяптилар, энди буюк тўрт мазҳаббошининг йўлини ушлаш хато дейишлари умуман ақлга тўғри келмайдиган нарса эканини. Ажабланарлиси Қуръон ва суннатга эргашайлик бирлашамиз дейдилар-у аммо ўзлари ихтилоф қилиш мумкин бўлмаган ақида масаласида келиша олмайдилар. Тўрт мазҳаб уламолари эса ақидавий масалада ихтилоф қилмасликлари (ихтилофлар фақат лафзий) ҳаммага маълум. Аҳли сунна валжамоа эътиқодининг имомлари Ашъарий ва Мотурудий ўртасида ихтилоф фақат иккинчи даражали масалаларда ва таъриф беришда бўлган, фарқлари бир нарсани исботлашда фақат ишлатилган сўзларида ҳамда ёндашувларида бўлган. Бу икки имом саҳобалар ва салафи солиҳийнларнинг фаҳми ила иш тутишган ва аҳли сунна валжамоа эътиқодининг ҳимоячилари бўлишган.
Шундан келиб чиқиб аслида биз уларга қарата:“Бутун умматни Қуръон ва суннатни бир хил фаҳмлашга чақирганиздан кўра ўзингиз эргашаётган уламоларинга насиҳат қилинг, олдин ўзлари ақида масаласида келишиб олишсин!» деб айтишимиз тўғри бўлади.Охирги йилларда аксар бемазҳаблар тарафдан саҳоба ва тобеинлар манҳажи ниқоби остида “салафийлик” байроғини баланд ҳилпиратиш ҳолатлари кўпайди. Наждлик Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг издошлари ҳам бугун “ваҳҳобий” деган атамадан воз кечишиб ўзларини солиҳ салафлар йўлидамиз деб иддао қилишмоқда. Носируддин Албоний шахсияти худди ўша “салафийлик” тарғиботчилари орасида доҳийлик касб қилган шахслардан биридир. Салафийлар Носир Албоний шахсиятига баҳо беришда жуда ҳаддан ошишган. Уни “Аср муҳаддиси”, “Суннат билимдони”, “Суннат ҳомийси” ва ҳоказо баландпарвоз илмий унвонлар билан лақаблаб олишган.
Шунингдек, салафийлар орасида охирги йилларда фиқҳий ва ҳатто ақидавий аҳкомларда ҳам Албоний фикрларига мурожаат қилиш ҳолатлари бирламчи одатга айланди.
Ҳукмингизга ҳавола этилмиш ушбу кичик рисолада “Салафийлик” оқими раҳнамоларидан бири Носир Албонийнинг тўрт мазҳаб ақидаси ва фиқҳига хилоф равишда чиқарган бемаза фатволари қатор териб чиқилган. Аҳли сунна эътиқодли ҳар бир аҳли илм бу фатволар билан танишиб чиқар экан айрим ўринларда беихтиёр “астағфируллоҳ” деб ёқа ушлайди. Баъзи ўринларда эса Носир Албонийнинг мантиқсиз фатволаридан кулгиси келса, айрим жойларда динимиз номидан гапирган бу одамга ачиниб йиғлагиси ҳам келади.
Ушбу салафийлардан бири китобида бундай ёзган: "Мени уларнинг баъзилари Аҳли сунна бу - Ашъарий ва Мотуридийлардир, дея иддао қилишгани ва салафларга тажсим ва ташбеҳлик ила туҳмат қилишгани ҳайратга солди".
Унинг бу қавлни эшитгандаги ажабланиши ундаги жаҳолат ва таассубнинг даражасига далолат қилади. Унинг бу каломига мулоҳазаларимиз бор.
Бу кишининг "Уларнинг баъзилари Аҳли сунна бу - Ашъарий ва Мотуридийлардир, дея иддао қилишади", деган сўзи ботилдир.
Зотан, "Аҳли сунна бу - Ашъарий ва Мотуридийлардир", деган қавл соҳиблари фақатгина баъзилар эмас, аксинча, улар аҳли суннанинг жумҳур уламолари ва мусулмонларнинг мутлақ уламолари жумҳури ҳамдир.
Бу айтилганлар маърифати учун мутақаддим ва мутааххир уламолар табақаси ва таржима китобларига, ибн Субкий, ибн Асокир, ибн Ҳажар, Саховий, Қози Иёз, Тошкўпризода ва Нажмуддин Ғаззий ва бошқа кўплаб олимлар қавлларига мурожаат қилиш кифоядир.
Аммо, муаллифнинг "уларнинг баъзилари салафларга тажсим ва ташбеҳлик ила туҳмат қилишади", деб ёзганининг ўзи ҳам туҳматдир.
Зотан, "салаф" калимаси мутлақ ишлатилганида саҳобалар, тобеъинлар ва табаъа тобеъинлар замони ирода қилинади.
Бирон бир Ашъарий ёки Мотуридий олимларининг салаф олимларини тажсим ва ташбеҳда айблагани бормикан?
Агар бундай деган олим улардан топилмаса ва топилиши мумкин ҳам эмас ва ҳеч қачон топилмайди ҳам, унда ушбу кимса ўзига бундайин туҳматдан иборат сўзни айтишга қандай ижозат ва журъат қилди экан? Бунинг биргина жавоби эса унинг ўта мутаассиб экани ва ўта ғулув кетганидир.
Ҳақиқат шуки, Ашъарий ва Мотуридийлар Қуръон ва Суннатнинг зоҳиридангина далил оладиган, шунга маҳкам ёпишиб олган баъзи кимсаларни адашганларини айтишган.
Гарчи бу тоифалар салафлар йўлини иддао этишсада, улар салафлар йўлини тутганлар эмасдир. Гарчи ўзларини имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳга нисбат беришсада, имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ улар ақидасида эмаслиги шубҳасиздир.
Дарҳақиқат, замону тарихлар оша то ҳозирги замонгача ҳам Аҳли сунна вал жамоа ақидасини мустаҳкам ҳимоя қилиб келаётганлар булар - Ашъарий ва Мотуридийлардир.
Бу қавлдан эса фақатгина мўътабар бўлмаган ёки мутаасиб ва такаббур кимсагина бехабарликни даъво қилади.Бу тоифалар гарчи ўзларини салафлар дейишсада, улар салафлар йўлига зид ақидада экани ва салафи солиҳларга умуман алоқаси йўқлиги кундай равшан.
Зотан, салаф уламолари ҳеч қачон Аллоҳга макон, жисм, ташбеҳни ифода этишмаган. Бирон бир жойда ўрнашган, дейишмаган. Бирон бир ўринда ўтиради, деб айтишмаган. Аксинча, бу қавлларга раддияларни ёзишган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак соҳта салафийлар ўзлари чақираётган даъватлари бекорга айтилган вазнсиз гапдан бошқа нарса эмаслиги юқоридаги мисоллардан маълум бўлди. Аллоҳ таоло барчамизни турли хил фитналардан асраб ҳақ йўлидан адаштирмасин.
Манбалар асосида: Амударё тумани "Нўғой эшон" жомеъ масжиди имом хатиби Ўктам Қурбаниязов тайёрлади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶