Туманимизда “Янги Ўзбекистон ёшлари – бирлашайлик!” шиори остида ёшлар фестивали ўтказилмоқда
Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилдан бери мамлакатимизда 30 июнь – ёшлар куни сифатида кенг нишонланади.
Мамлакатимиз Мустақиллигининг 30 йиллиги нишонланадиган мазкур йилда ҳам ушбу санани юқори савияда, кўтаринки кайфиятда ўтказиш мақсадида юртимизнинг барча ҳудудларида “Янги Ўзбекистон ёшлари – бирлашайлик!” шиори остида “Ёшлар ойлиги” ташкил этилиб, айни кунларда ойлик доирасида турли мавзулардаги маданий-маърифий, кўнгилочар тадбирлар, марафонлар, спорт мусобақалари, амалий интеллектуал танловлар, учрашув ва давра суҳбатлари, семинар-тренинглар, таниқли ижрочилар иштирокидаги гала концертлар, миллатлараро дўстлик фестиваллари, турли акциялар ташкил этилмоқда.
“Ёшлар ойлиги” доирасида “Янги Ўзбекистон ёшлари – бирлашайлик!” шиори остида бугун – 8 июнь куни туманимизда ҳам ёшлар фестивали ташкил этилди.
Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, туман Ички ишлар бўлими, туманимиз ҳудудидаги 92-02 чегара қўшинлари ҳарбий қисми, туман Жисмоний тарбия ва спорт бўлими, Ёшлар ишлари Агентлиги туман бўлими ҳамда ЎзЁИ туман Кенгаши томонидан ҳамкорликда ишлаб чиқилган режавий-жадвалга кўра, Манғит шаҳрининг Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Манғит – Гурлан шоҳ кўчаси бўйлаб югуриш бўйича марафон ташкил этилди. Эрталабки соат 8:00да бошланган мазкур марафон қарийб бир соат давом этди ва унда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 400 нафардан зиёд ёшлар иштирок этишди.
Таълим муассасалари битирувчилари, маҳаллалардаги уюшмаган ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар иштирок этган ушбу марафонни ўтказишдан мақсад ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга кўмаклашиш, бандлигини таъминлаш, уларни янги орзулар сари илҳомлантиришга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этди.
Дўстлик, бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ғоялари асосида ўтказилган фестивалнинг илк мусобақаси бўлган югуриш бўйича марафонда ўзларининг чаққонликлари, куч ва салоҳиятларини амалда намоён этган ёшлар ғолибликни қўлга киритдилар.
Хусусан, ўғил-болалар ўртасидаги қизғин баҳсларда 1-ўрин Шуҳратжон Жумабоевга, иккинчи ўрин Рашидбек Искандаровга ва учинчи ўрин Отабек Султонмуродовларга насиб этди.
Югуриш бўйича марафоннинг қизлар ўртасидаги баҳслари янада қизиқарли таассуротларга бой бўлди. Ўзаро дўстлик ва самимият руҳида ўтган мусобақаларда Гулбону Ўринбоева 1-ўринни эгаллади. 2-ўрин Тилло Шомуродовага, 3-ўрин эса Динора Озодовага насиб этди.
Мусобақа ғолиблари ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.
“Ёшлар ойлиги” доирасида бошланган ёшлар фестивали шу куни Олмазор маҳалласи ҳудудида янада жипслик ва кўтаринки кайфиятда давом этди. Таълим муассасалари ўқувчилари ва маҳаллалардаги 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган 150 нафардан зиёд ёшлар иштирокида туманимизда янгидан ташкил этилган тарихий-ўлкашунослик музейига саёҳат уюштирилди. Саёҳат давомида “Ҳарбийлар ва ёшлар” учрашуви ҳам ўтказилди. “Ҳарбийлар ва ёшлар” учрашувида ҳарбий зобитлар томонидан замонавий ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси намойиш этилиб, мазкур кўргазма бўйича ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Ўз навбатида ҳарбий зобитлар томонидан ёшларнинг саволларига батафсил жавоблар берилиб, кўргазмага қўйилган ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар тўғрисида батафсил маълумот ва тушунчалар тақдим этилди.
Туманимизда “Ёшлар ойлиги” доирасидаги бу каби тадбирлар кўнгилочар маданий дам олиш тадбирларига уланиб, ёшлар ҳаётига янада кўркамлик ва файз бағишламоқда.
Ойлик доирасидаги мазкур фестивалнинг адабий-бадиий қисми 8 июнь куни кечқурун Манғит истироҳат боғида янада жўшқинлик билан давом этади. Фестиваль иштирокчилари учун ташкиллаштирилган гала концерт дастури давомида югуриш бўйича марафон ғолибларига туман ҳокимлиги томонидан қимматбаҳо совғалар ва фахрий ёрлиқлар тантанали равишда топширилади.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶