Амударё тумани тарихий-ўлкашунослик музейига XVIII-XIX асрларга оид буюмлар ва жиҳозлар совға қилинди
Ҳар қандай давлат тараққиёт сари интилар экан, доимо тарихга назар ташлаб, мавжуд урф-одатлар, анъаналар ва қадимий ёдгорликларни ўрганишга ва сақлашга интилиши табиий. Айниқса, бу борада музейларнинг ўрни беқиёсдир. Чунки музейлар ўтмишдан келган тарихий маданият, маърифат, табиат ёдгорликларининг яхлит тизимига солинган йиғиндиси бўлиб, амалдаги қонун-қоидага мувофиқ равишда сақланади ва намойиш қилинади.
Туманимизда узоқ ва бой тарихга эга бўлган ўтмишимиз ҳақида хабар берувчи, аждодларимизнинг турмуш тарзи, маданияти, маънавияти, урф-одат, анъаналарини келажак авлодга етказиш мақсадида ташкил қилинган тарихий-ўлкашунослик музейига қизиқувчиларнинг, унга ташриф берувчиларнинг сони тобора ортиб бормоқда.
Мазкур музейдан тарихий бебаҳо ёдгорликлар, аждодларимиз томонидан фойдаланилган уй-рўзғор буюмлари, ўтмишда қўлланилган иш қуроллари, деҳқончилик ҳамда ҳунармандчилик буюмлари, ерларни суғоришда ишлатилган асбоб-ускуналар, ноёб қўлёзмалар, қадимий чолғу асбоблари, ўша даврларда кийилган турфа либослар ўрин олган бўлиб, музей фондини янада бойитишга туманимиз аҳолиси ҳам ўзларининг ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Жумладан, амударёлик Давлатбой Эшмонов 22 июнь санасида музей захирасини тўлдиришга ўз улушини қўшиш мақсадида XVIII-XIX асрларда яшаган аждодларимиз томонидан фойдаланилган ун тегирмони, сополдан ясалган катта хум, шунингдек, икки табақали нақшдор эшик ҳамда ўймакорлик билан ишланган икки табақали араб ёзуви ёзилган қадимий дарвозаларни совға қилди.

Юртдошимиз Давлатбой Эшмонов туманимизнинг тарихида ўчмас из қолдирган, наққошлик санъати усталаридан бири Эшмуҳаммад Наққошнинг бешинчи авлоди бўлиб, музейга Эшмуҳаммад Наққош ҳамда унинг ўғли Саъдулла Наққошнинг расмлари портретини ҳам совға қилди.
2009 йилда нашрдан чиққан “Амударё” китобида ёзилишича, Манғит қалъасининг қурилганлигига 300 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлиб, XIX асрда Эшмуҳаммад Наққош қалъанинг қурилиши лойиҳаси устида ишлаган. Ушбу лойиҳада қалъа марказида катта ва гўзал минора қурилиши ҳамда марказдаги тош кўчанинг эни 16 метр бўлиши, Манғит хонликдаги энг чиройли қалъалардан бири бўлиши режалаштирилган бўлиб, айрим сабабларга кўра лойиҳа ўз ниҳоясига етказилмаган.
Шунингдек, китобда келтирилишича, Эшмуҳаммад Наққош Хива хони маслаҳатчиси бўлган, хонлик даврида етиштирилган пахтанинг “Америка” нави уруғини олиб келиб етиштирган.
Давлатбой Эшмонов каби туман музейини бойитишга ҳисса қўшган юртдошларимиздан Абдулла Ортиқов музейга XVIII-XIX асрларга тегишли, уй-рўзғорда фойдаланилган, мисдан ясалган, қадимий кўзани совға қилди. Шунингдек, Чойкўл овулидаги Ражаббой Ешжоновлар оиласи шу даврга тегишли, ўтмишда аждодларимиз кийган либослардан бири бўлган "Санг-санг" пўстин ҳадя қилди.
Музей маъмурияти бундан бағоят хурсанд бўлдилар ҳамда музей захираларини тўлдиришга ёрдам берган экспонатлар эгаларига чуқур миннатдорчилик билдирдилар.
Айтиш керакки, туман музейи захирасини доимо бойитиб бориш, тўпланган музей ашё ва коллекцияларини келажак авлодларга бус-бутун ҳолатда етказиш, асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиз бўлиб, алоҳида масъулият талаб этади. Музейдаги ҳар бир экспозиция ўзининг мафтункорлиги, тарихий аҳамияти ва жудаям бой тарихий маълумотларни ўз ичига қамраб олгани билан аҳамиятли ҳисобланади.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶