Республика “Маънавият фестивали” доирасида туманимизда “Мақом кечаси” ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида Қорақалпоғистонда ўтказилаётган “Маънавият фестивали” доирасида Амударё туманида катта концерт дастури ташкил қилинди.
Мақом санъатини кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган концерт дастури «Янги Ўзбекистон» видеоролиги намойиши билан бошланди. Видеороликда Ватанимизнинг янги қиёфаси, юртимиздаги бугунги кундаги ўзгаришлар акс эттирилган бўлиб, йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.
Концерт дастурини Президент Администрацияси масъул ходими Абдуҳалил Маврулов очиб берди ва фестивалнинг аҳамияти, мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтди. Шунингдек, сўнгги йилларда бутун мамлакатимизни, хусусан, Қорақалпоғистон Республикасини ҳар томонлама ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида олиб борилган кенг қамровли ишлар хусусида тўхталди. Айниқса, бугун Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари киши кўзини қувонтириши, бу ўзгаришлар бардавом бўлишини қайд этиб ўтди.
Фестивалнинг асосий мақсад ва вазифаларидан бири аҳоли, айниқса, ёш авлод қалбида Ватанимиз тақдири ва келажаги учун дахлдорлик ва масъулият ҳиссини янада кучайтириш, уларни келажагимизнинг муносиб ворислари этиб тарбиялашда ҳисса қўшиш эканлигини таъкидлади. Шундан сўнг туман ҳокими Султонбой Йўлдашев ҳамда фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедовалар таклиф қилинди ҳамда туманимизда илм-фан ва спорт соҳаларида муваффақиятларга эришаётган ёшларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Саҳнага бирин-кетин амударёлик иқтидорли ёшлар чиқиб келди. Ёшларга ҳамда уларнинг ота-оналарига ташкилотчилар томонидан ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани ҳокими Султонбой Йўлдашев сўзга чиқиб, бутун мамлакатимиз бўйлаб “Маънавият фестивали” ўзгача руҳ ва кайфиятда, эзгу мақсадларни кўзланган, янги ғояларга ва ташаббусларга асосланган ҳолда ўтаётганини, унинг доирасида амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳани ўзига хос эканлигини таъкидлади ҳамда фестиваль ишига омад тилади. Шунингдек, мустақиллигимизнинг 30 йиллиги билан барча юртдошларимизни самимий табриклади.
“Маънавият фестивали” доирасида туманимизда ўтказилган концерт дастурининг бадиий қисми Қорақалпоғистон Республикаси намунали мақом ансамбли чиқиши билан бошланди. Концерт дастурида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Асатулла Холиқов ижросидаги “Ўхшайдику” ва “Ажаб сирлар” қўшиқлари томошабинларга кўтаринки кайфият бахш этди. Аёл-қизлар қуй-қўшиқларга рақсга тушдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Замира Суюнованинг “Саламно”, “Боғи шамол” қўшиқлари ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Меҳмонали Салимов ижросидаги “Раъно арияси”ҳам барчага манзур бўлди. Эстрада хонандалари Дарҳон Комиловнинг “Умид”, “Мафтун бўлдим” қўшиқлари ва “Ниҳол” мукофоти совриндори Шербек Шодиев куйлаган ўз ижодидан намуналарига ёшларимиз жўр бўлишди. Қолаверса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомуроднинг Ватан ҳақидаги шеърлари кечага ўзгача шукуҳ бағишлади. Концерт дастурида Ўзбекистон Республикаси Давлат филармонияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлимининг истеъдодли хонандалари ўз ижод намуналаридан ажойиб куй қўшиқлар ижро этдилар. Концерт дастури филармония хонандаларининг “Гўзал Ўзбекистоним”, “Халқим азиз” қўшиқлари билан кўтаринки кайфиятда якунланди.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶