“Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг ишончли вакили амударёлик сайловчилар билан учрашди
6 октябрь куни Амударё туманидаги 82-сонли мактабда “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг ишончли вакили амударёлик сайловчилар билан учрашди.
Мазкур учрашувда “Адолат” социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Нурлибай Қайпбергенов, “Адолат” социал-демократик партиясининг Амударё тумани Кенгаши раиси Ўктам Йўлдошев, партия фаоллари, депутатлар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда Олмазор маҳалласи фаоллари, нуронийлар, сайлов ёшидаги фуқаролар қатнашишди.
Тадбирни “Адолат” социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Нурлибай Қайпбергенов очиб берди. Шундан сўнг, “Адолат” социал-демократик партиясидан Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги ишончли вакили, Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти директори Аймурад Алниязов сўзга чиқиб, йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли, фаолияти ва сайловолди дастури билан яқиндан таништирди.
Партия томонидан кўрсатилган номзоднинг Сайловолди дастурида кўплаб масалаларга адолатли ечимлар берилгани, соҳалар кесимида истиқболли таклиф ва ташаббуслар илгари сурилганлиги таъкидланди.
Номзоднинг Сайловолди дастурида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг ролини кучайтириш, ижро ҳокимияти фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ватанпарвар, профессионал ва фидойи инсонлар келишини таъминлаш кабиларга эътибор қаратилгани айтиб ўтилди. Шунингдек, жиноятчиликка, порахўрликка, таъмагирликка, зўравонликка қарши муросасиз курашиш, адолатли ва мустақил суд-ҳуқуқ тизимини яратиш ишларини давом эттириш, судни том маънода адолат қўрғонига айлантириш каби асосий масалалар диққат марказидан жой олганлиги таъкидланди.
Ундан ташқари, аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, миллий ва тарихий қадриятларимизга асосланган “Жамиятда юриш-туриш одоб-ахлоқ қоидалари”ни яратиш ва жорий этиш, аҳолини сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш, фуқаролар орасида тиббий маданиятни шакллантириш каби масалаларнинг дастурдан жой олганлиги алоҳида эътироф этилди.
Мулоқотлар жараёнида ишончли вакил номзоднинг ўз дастурида таълим, илм-фан ривожланиши учун устувор мақсадларни ғоя сифатида киритганлиги ҳам таъкидланиб, дастурдан ўрин олган бу борадаги муҳим мақсадлар билан учрашувга йиғилган сайловчилар таништирилди.
Шу ўринда, дунёда кечаётган шиддатли рақобатга фақат замонавий илм-фан, юқори технологиялар ва инновация ютуқларини кенг жорий этиш орқали муносиб жавоб бериш, адолатли жамият ва адолатпарвар давлат барпо этишда партия таълим, илм-фан ва инновациянинг аҳамиятини ошириш чораларини кўрилиши кераклигига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Бунинг учун таълим ва илм-фан билан шуғулланувчиларга бепул уй-жой таклиф қилиниши, илм-фанни молиялаштиришга сарфланадиган маблағ 2030 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизига қадар ошиши, уни давлат бюджетидан молиялаштиришни босқичма-босқич таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Учрашув давомида Сайловолди дастурида кўзда тутилган масалалар бўйича номзоднинг ишончли вакилига берилган саволларга атрофлича ва батафсил жавоблар қайтарилди.
Сўзга чиққан сайловчилар томонидан номзоднинг сайловолди дастуридаги устувор вазифалар қўллаб-қувватланди ва барча сайловда фаол қатнашишга, партиядан кўрсатилган номзодга овоз беришга чорланди.
Озода Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶