ИССИҚХОНАДАН ЙИЛИГА 150-160 ТОННА ҲОСИЛ ОЛИНМОҚДА
Бугунги кунда юртимизда энергия тежамкор технологияларга асосланган иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, экспорт ҳажмларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўлкамизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби амударёликлар ҳам боғдорчилик, иссиқхона хўжаликлари ташкил этиш, томчилатиб суғориш асосида экинлар парваришлашни йўлга қўйиб, ердан унумли фойдаланишмоқда. Тумандаги аҳолининг аксар қисми имкониятига қараб иссиқхоналар ташкил этиб, доимий даромад манбаига эга бўлмоқда.
Амударё туманидаги “Манғит Инвест плюс” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасида томонидан ҳам Тош ёп овулида бир гектарлик ҳудудда иссиқхона ташкил қилинган эди. Асосан помидор, бодринг каби аҳолининг кундалик эҳтиёжи учун зарур бўладиган сабзавотларни етиштириш мўлжалланган мазкур иссиқхона 477 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағи ҳисобига замонавий услубда, илғор инновацион технологиялар асосида барпо этилган.
Электр энергияси ёрдамида иситишга мўлжалланган ушбу иссиқхонада қиш ойларида ҳам мўътадил ҳарорат бўлиши натижасида текис униб чиққан сабзавот экинлари дуркун ривожланиб, барвақт мева тугади. Иссиқхонада етиштирилаётган бодринг ва помидордан қиш, баҳор ойлари давомида 2 марта ҳосил олишга эришилмоқда. Бир йил давомида ўртача 150-160 тонна ҳосил олиниб, шундан 50-60 фоизи хорижга экспорт қилинади. Қолгани ички бозорда сотилиб, туманимиз аҳолиси дастурхонига тортиқ қилинади.
Иссиқхонада 15 нафар ишчи доимий иш билан таъминланган. Йиғим-терим мавсумида ишчилар сони янада кўпайтирилади. Корхона томонидан ишчилар учун етарли шароит яратилган. Ҳар куни тушлик маҳалида иссиқ овқат етказиб берилади.
Бундан бир неча йил муқаддам тадбиркор Жалғас Боймурадов раҳбарлигидаги масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Манғит инвест плюс” қўшма корхонаси таркибида бир гектар жойда иссиқхона қуриш нияти туман раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланиб, унга ер майдони ажратишда ҳамда бошқа масалаларда яқиндан ёрдам кўрсатилган эди.

Ушбу иссиқхонани ташкил этиш мобайнида тадбиркор Хитойлик мутахассислардан иссиқхона ташкил этиш бўйича чуқур тажриба ўрганди. Тадбиркор таъкидлаганидек, ушбу давлат сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Хитой сабзавотчилиги ҳақида гапирилганда, Шаньдун ярим оролининг Шоугуан шаҳри – Хитой сабзавотчилигининг ватани деб юритилади.
Хитойлик мутахассислар томонидан тавсия қилинган иссиқхона ашёлари ҳам Шаньдун ўлкасидан олиб келиниб, қурилиш ишлари амалга оширилди. Хитойлик мутахассисларнинг ва қўшма корхона ишчиларининг астойдил қилган меҳнатлари эвазига ушбу иссиқхона 2018 йилнинг октябрь ойигача тўла қуриб битказилди ва фойдаланишга топширилди.
Ҳозирги кунда иссиқхонада помидор, бодринг ва бошқа экинларни парваришлашда томчилатиб суғориш ва баргдан озиқлантириш усулидан фойдаланилади. Бу усул исссиқхонада етиштирилаётган экинлар ҳосилдорлигини оширишда муҳим ўрин тутмоқда. Маҳсулот етиштириш қуватига кўра туманда ягона ҳисобланган ушбу иссиқхонанинг ташқи ва ички кўриниши, ундаги ниҳолларни кўрган кишининг кўзини қувонтиради.
Тадбиркорлар томонидан амалга оширилаётган бу каби йирик лойиҳалар аввало халқимиз фаровонлиги, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, қўшимча ишчи ўринлари яратиш ва уларнинг дастурхонларини тўкин қилишга хизмат қилади.
О. Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶