БОҒДОРЧИЛИК СОҲАСИГА ОИД СЕМИНАР-ТРЕНИНГ БЎЛИБ ЎТДИ
2. Мамлакатимизда ресурс тежамкор технологияларни, шу жумладан томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимлари қўлланган интенсив боғлар майдонлари ҳажмини ошириш, мева маҳсулотлари турларини кўпайтириш, шу асосда халқимизни хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни яхшилаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, ташқи бозорда талаб юқори бўлган мева навларини экиш, етиштириш, экспорт қилиш ҳажмини ошириш ҳам асосий вазифалардан қилиб белгиланган.
Амударё туманида ҳозирги кунда барча тоифадаги боғлар 930 гектарни ташкил этади. Ушбу майдонлардаги эски боғлар ўрнида интенсив боғлар яратилмоқда ва ҳудудимизнинг тупроқ-иқлим шароитимизга мос, ҳосилдор мевалар навлари жойлаштирилмоқда.
Жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар давом эттирилиб, янгидан 150 гектар майдонда экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга мўлжалланган боғлар барпо этилади. Шунинг 30 гектарига истиқболли узум навлари экилади.
24 февраль куни туманнинг Чойкўл овулида “Қишлоқ хўжаликкимё” акциядорлик жамиятига қарашли 8 гектарлик интенсив боғда мевали дарахтларни агротехника қоидалари асосида парвариш қилиш, белгиланган меъёрлар асосида мевалар зараркунандаларига қарши курашиш ва харидоргир, мўл маҳсулотлар олиш йўл-йўриқларини тарғиб этишга бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Семинар-тренинг Президентимизнинг 2021 йил 15 декабрдаги 52-сонли Қарорига мувофиқ ташкил этилган Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш Агентлигининг туман лойиҳа офиси томонидан ташкиллаштирилди.
Тадбирга тумандаги ушбу лойиҳа офиси раҳбари Юнусбек Отажанов, боғдорчилик соҳаси билан шуғулланаётганлар, қишлоқ хўжалиги масъул мутахассислари ҳамда боғдорчилик соҳасига қизиқувчилар иштирок этдилар.
Семинар-тренингда Германиянинг GIZ халқаро ташкилоти, АҚШнинг USAID халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Умид Сайфуддинов мевали дарахтларга ишлов бериш, озиқлантириш ва зараркунанда ҳашаротларга қарши курашиш йўл-йўриқлари ҳақида кенг тушунчалар берди. Шунингдек, кўчатларга қандай шакл бериш, шохларини сийраклатиш усулларини амалда кўрсатиб берди.
Тадбирда иштирок этган боғбонлар ва қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари маърузачига ўзларини қизиқтирган саволларни бериб, тегишли жавоблар олдилар.
Ушбу тадбир ўтказилган интенсив боғ бунёд этилганига ҳали кўп вақт бўлмаса-да, олинаётган ҳосилдорлик аввалги мавжуд боғлардан юқори. Бу – боғдорчиликка интенсив технологияларни, илм-фан ютуқларини жорий қилиш давр талаби эканлигини, мамлакатимизда аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасини кўрсатади.
Шуниси эътиборлики, бугунги кунда овулда боғбонлар, деҳқонлар етиштирган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган 100 тонналик сиғимдаги музлаткичли омборхона ҳам қурилаяпти. “Манғит – омад савдо” масъулияти чекланган жамияти томонидан бунёд этилаётган объектда ҳозирги кунда ишлар қизғин давом эттирилаяпти.
Семинар-тренинг соҳибкор боғбонларнинг деҳқончиликка ресурс тежамкор технологияларни, шу жумладан томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимлари жалб қилиш, интенсив боғлар яратиш, боғларда етиштириладиган мевалар турларини кўпайтириш орқали озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ва ердан олинадиган даромадни ошириш борасидаги билимларини янада оширишда муҳим восита бўлди.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶