83 сонли мактабда маънавий-маърифий тадбирлар юқори савияда ўтказилмоқда
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 26 март кунги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бутун мамлакатимиз буйлаб, умумтаълим мактабларида маънавий-маърифий ишларнинг янада юксак даражада ташкил этилишига қаратилган ҳуқуқий асос бўлди.
Мамлакатимизда ёшларнинг таълим – тарбияси билан боғлиқ чора-тадбирлар замирида уларнинг интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодлар этиб тарбиялаш масаласи биринчи даражада турганлиги барчамизга маълум. Шу маънода мактабгача таълим, ўрта таълим ва Олий таълим жипслигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Сабаби, умумий ўрта таълимда олинган таълим ва тарбия таълимнинг Олий босқичига пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Туманимизнинг чекка ҳудудларидан бири − Қиличбой овул фуқаролар йиғинида жойлашган 83-сонли умумтаълим мактабида фаолият юритаётган ўқитувчилар ана шу эзгу мақсадларни чуқур англаб етган ҳолда ўқувчиларга фидоийлик билан таълим ва тарбия бериб келмоқдалар.
Мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Муқаддас Аллабергенова ўқувчиларнинг адабиётга бўлган қизиқишларини доимий равишда қўллаб-қувватлаб келади.
Мактабда ўтказиладиган бадиий кечаларда ўқувчилар фаол қатнашишга интиладилар. Адабиётимизнинг cўнмас юлдузларига бағишлаб ўтказилган кечалар ва давра суҳбатларида ўқувчиларнинг истеъдод ва қобилиятлари аниқланиб, ривожлантириб борилади.
Мактабда спортнинг турли йўналишларида ўтказилаётган мусобақалар ҳам ўзининг ижобий натижасини бермоқда.
Маҳоратли тренерлар томонидан ўқувчиларнинг кўникма ва маҳоратлари янада сайқалланиб боради. Ўзбек қўл жангги тренери Аброр Атажановнинг шогирдлари Лобар Жумабаева ҳамда Иномжон Азамовлар Қорақалпоғистон Республикаси босқичида фахрли биринчи ўринни эгаллашган бўлса, Азиза Сотиболдиева ва Абдукаримов Диёрбеклар фахрли иккинчи ўринни эгалладилар.
Ўқувчилар мактаб маъмурияти томонидан муносиб равишда рағбатлантирилди.
Мактабда китобхонлик ярмаркалари ҳам тез-тез ўтказиб турилади. Яқинда мактаб ҳовлисида “Фарзандимга китоб совға қиламан” шиори остида катта ярмарка ўтказилди.
Ушбу ярмаркада ота-оналар ҳам қатнашиб, ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини фарзандларига совға қилишди. Ярмарка ўқувчилар томонидан тайёрланган концерт дастурига уланиб кетди. Ўқувчилар томонидан ижро этилган дилтортар наволар ва гўзал рақслар ота-оналарнинг олқишига ва юксак эътирофига сазовор бўлди.
Муҳтарам Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғояни илгари сурган эдилар. Мактабда ўқувчиларга берилаётган сифатли таълим ва оқилона тарбия мана шу улуғвор ғоянинг амалий ифодаси ҳисобланади.
Ф.Эшимбетова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶