ВАСИЯТНОМА НОТАРИАЛ ТАРТИБДА ТУЗИЛАДИ
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 1120-моддасига асосан фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкини, яъни уй-жой, автомототранспорт, бино, иншоот ва бошқалар ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда уни тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси “васият” деб эътироф этилади. Васиятномани ёзиб қолдириш учун фуқаро хоҳлаган нотариал идорага шахсан мурожаат қилиши лозим, чунки васиятнома шахсан тузилади.
Васиятноманинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди. Васият қилувчи қонун бўйича меросхўрлардан биттасини, бир нечасини ёки ҳаммасини изоҳ бермаган ҳолда меросдан маҳрум қилишга ҳақли. Васиятномани тасдиқлаб беришда васият қилувчидан унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати, яъни паспорти, ҳарбий хизматчилар учун эса ҳарбий гувоҳномаси талаб қилинади. Васият қилинаётган мол-мулкка бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш талаб қилинмайди.
Васиятнома ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим. Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши лозим. Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ёки қонунга мувофиқ васиятномани тасдиқлайдиган бошқа шахс ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигининг сабаблари кўрсатилган ҳолда васиятномага бошқа шахс имзо қўйиши мумкин.
Васият қилувчининг ўрнига нотариус ёки васиятномани тасдиқловчи бошқа шахс, васиятнома кимнинг фойдасига тузилган ёки кимга нисбатан васият мажбурияти юклатилган бўлса, ўша шахс, унинг эри, хотини, болалари, ота-онаси, неваралари ва чеваралари, шунингдек, васият қилувчининг қонун бўйича меросхўрлари имзо қўйиши мумкин эмас. Ундан ташқари, тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаган фуқаролар, саводсизлар ва васиятномани ўқий олмайдиган бошқа шахслар, ёлғон гувоҳлик берганлик учун муқаддам судланган шахслар ҳам васият қилувчининг ўрнига имзо қўя олмайди.
Васият қилувчи исталган вақтда ўз васиятномасини янги васиятнома тузиш орқали бекор қилишга, ўзгартиришга ёки тўлдиришга ҳақлидир.
Н.Жуманиёзова, туман Адлия бўлими бош маслаҳатчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶