Саломатлик ва сифатли овқатланишни ташкил этиш ойлиги доирасида семинар-тренинг ўтказилди
Бугунги кунда мамлакатимизда эртамиз эгалари бўлган ёш авлод тарбияси ва уларнинг мактабгача бўлган тайёргарлигига катта эътибор қаратилиб, мактабгача таълим тизимида бир қатор янгиланишлар ҳамда ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Чунки, мактабгача ёшдаги болага сингдирилган билим ва қадриятлар унинг келгусида қандай инсон бўлишини белгилаб беради. Шу билан бирга, мактабгача таълим уйғун ривожланган шахсни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Муассасаларда болаларга берилаётган таълим ва тарбия уларнинг шахс сифатида шакилланишида қанчалик муҳим аҳамият касб этса, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши, тўғри овқатланиши ҳам боланинг камолотида шунчалик муҳим ўрин тутади.
Шу сабабли ҳам мактабгача таълим тизимида апрель ойи “Саломатлик ва сифатли овқатланишни ташкил этиш ойлиги” деб эълон қилинган. Бундан кўзланган мақсад − мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчиларни хавфсиз ва соғлом овқатлантиришни ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишларни такомиллаштириш, муассасаларнинг ошхоналарида санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш ва эпидемияга қарши тадбирлар самарадорлигини ошириш, овқат тайёрлаш учун масъул ходимларнинг билимларини мустаҳкамлашдан иборат.
Шу муносабат билан 28 апрель куни Амударё туманидаги 40-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида “Болалар саломатлигини таъминлаш ва соғлом овқатланишни ташкил этиш – энг муҳим вазифамиз!” шиори остида кўргазмали семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Семинар-тренингда Қорақолпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ходимлари, Қорақолпоғистон Республикаси Ошпазлар уюшмаси аъзолари, Амударё тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими мутахассислари ҳамда тумандаги барча мактабгача таълим ташкилотлари ошпазлари иштирок этишди.
Семинар-тренинг давомида тизим ходимларига Мактабгача таълим ташкилотларининг давлат ва нодавлат тармоқларини янада кенгайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, болаларнинг соғлом ва баркамол ўсишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, иштирокчиларга музлатгичда сақланаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёрланаётган таомлар санитария-гигиена қоидаларига тўғри келиши, таомларнинг хавфсизлиги ва сифатини кафолатлаш, ошхоналарда тайёрланаётган таомларга сифатли масаллиқлар ишлатиш лозимлиги батафсил тушунтирилди.
Семинар-тренингда ошхоналарни ораста сақлаш лозимлиги, болалар учун шакллантирилган кунлик таомномаларнинг таркибида озуқавий моддаларнинг етарли миқдорда бўлиши кераклиги айтиб ўтилди.
Семинар якунида мактабгача таълим тизимида намунали фаолият юритаётган бир гуруҳ ошпазлар туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Шу ўринда айтиш керакки, Мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларининг соғлом ва хавфсиз овқатланишини ташкил этишда нафақат муассаса мудиралари, балки ошпаз ва ҳамширалар, тарбиячилар ҳам масъулдирлар. Сабаби, эртанги кун эгалари бўлган ёш авлоднинг саломатлигини сақлаш ҳар ким учун муҳим ва долзарб вазифадир.
Диана Базарбаева ҚДУнинг журналистика факулътети талабаси

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶