ГРАНТ ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДА ЎТКАЗИЛГАН “КЎЧМА КУТУБХОНА” ТАДБИРИ ЁШЛАРДА КАТТА ҚИЗИҚИШ УЙҒОТДИ
Ёшлар маънавиятини юксалтириш, китобхонлик маданиятини янада кучайтириш, аҳолининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, китоб ўқишга бўлган қизиқишларини янада кучайтириш мақсадида Амударё туманининг чекка ҳудудларидаги овул ва маҳаллаларда турли тадбирлар ўтказилмоқда. Айниқса, ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли китобхонлар сафи ортмоқда. Бу туман ва республика миқёсида ўтказилаётган китобхонлик танловларида ғолиб бўлаётган кўплаб ёшлар мисолида яққол намоён бўлмоқда.
Амударё телевидениеси таҳририятининг “Юксак маънавиятли ва ахлоқли ёшлар – келажак пойдевори” номли грант лойиҳаси доирасида ҳам ёшларни китобхонликка жалб этувчи турли тадбирлар, танловлар ташкил этилиб, туманнинг чекка ҳудудларидаги ёшлар ҳам қамраб олинмоқда. Ушбу грант лойиҳаси доирасида навбатдаги “Кўчма кутубхона” тадбири Қангли овулидаги 67-сонли мактабда ташкил этилди.
Тадбирда мактаб ўқувчи-ёшлари билан биргаликда ўқитувчилари ҳам иштирок этишди.
Тадбир давомида Амударё телевидениеси таҳририяти ходимлари ҳамда мактабнинг она тили ва адабиёт ўқитувчиси Зулайҳо Бобожоновалар сўзга чиқиб, бугунги кунда халқимиз, айниқса, ёшларимиз орасида китоб мутолаасини оммалаштириш, уларнинг маънавиятини юксалтиришда маърифат масканлари – кутубхоналарнинг ўрни катталиги, шу боис уларнинг фаолиятига алоҳида эътибор қаратилаётганини тилга олиб ўтишди. Бу маърифат масканларининг, ҳозирга келиб замонавийлашаётгани, китобларнинг электрон шакллари, эшитиш, кўриш, аудио-видео мультимедияли турлари ҳам мавжудлиги, кўчма кутубхоналар, китоблар кўргазмалари ташкил этилаётгани тўғрисида ҳам маълумотлар беришди.
Таъкидлаш жоизки, аҳолининг ахборот олишга, ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятидан эркин, тез ва сифатли фойдаланишга бўлган имкониятлари тобора кенгайиб бормоқда. Кутубхона фондидан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш, китобхонларга хизмат кўрсатишда турли ёшдаги аҳоли қатламларининг талаб ва эҳтиёжлари, қизиқишларини эътиборга олиш, кўрсатилаётган қўшимча хизматлар турларини янада кенгайтириш ва сифатини ошириш мамлакатимиздаги ҳар бир кутубхона олдида турган муҳим вазифадир. Инсон яралибдики, комилликка интилиб яшайди. Бунга китобсиз, китоб мутолаасисиз эришиб бўлмайди. Бу хазинани ўзида сақлаб келаётган кутубхоналар эса энг бой зиё масканидир.
Грант лойиҳаси доирасида ташкил этилган “Кўчма кутубхона” тадбирида ана шундай зиё масканларидан унумли фойдаланиш кераклиги, китоб муотлаасига кўпроқ вақт ажратиш лозимлиги, китоблар ёшларнинг юксак сиёсий билимли, етук интеллектуал билим ва салоҳиятга эга, эркин фикрловчи инсонлар бўлиб вояга етишларида муҳим ўрин тутиши кўп бора таъкидланди.
Тадбир давомида ўқувчи-ёшлар “Тараққиёт кўзгуси” таҳририяти қошида ташкил этилган “Жайҳун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти кутубхонасидан келтирилган китоблар билан танишишди. Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён”, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” ва бошқа кўплаб адибларнинг қизиқарли асарлари ва улардаги қаҳрамонлар ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтган ёшлар, ушбу кутубхонадаги бошқа китобларга жуда қизиқишди ва аъзо бўлиш истагини билдиришди. Таҳририят ходимлари кутубхонадаги мавжуд адабиётлар, уларнинг турлари, барча ёшдаги китобхонларга мослиги, янги келтирилган китоблар, кутубхонанинг чекка ҳудудлардаги филиаллари хусусида ҳам маълумотлар беришди ва уларнинг қизиқишларини янада оширишди.
Китоблар инсонда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтириб, яхшилик ҳамда эзгуликка ундайди. Ёшларни китобхонликка жалб этиш мақсадида грант лойиҳаси доирасида ўтказилган ушбу тадбир ҳам ёшларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқишларини янада ошириб, китобхонлар сафи ортишида муҳим аҳамиятга эга бўлди.
О.Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶