1-СОНЛИ МАКТАБДА “БОБУР – БУЮК СИЙМО” ДЕБ НОМЛАНГАН ТАДБИР ЎТКАЗИЛИБ, БОБОКАЛОНГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ
Юртимизда буюк бобокалонимиз шоҳ ва шоир, улуғ саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 541 йиллиги кенг нишонланди. Сана муносабати билан Амударё туманидаги умумтаълим муассасаларида ҳам маънавий-маърифий тадбирлар, адабий кечалар ўтказилди.
14 февраль куни 1-сонли умумтаълим мактабида улуғ аждодимиз таваллудига бағишлаб “Бобур – буюк сиймо” деб номланган катта тадбир ташкил этилди. Мактабнинг она тили ва адабиёт, тарих ва тарбия фанлари ўқитувчилари томонидан ўқувчилар билан ҳамкорликда тайёрланган ушбу тадбирда дастлаб бобокалонимиз ҳаёти ва ижоди тўғрисида кенг маълумотлар берилди. Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз ҳаётининг асосий қисмини ҳарбий юришлар ва жангларда ўтказгани, у Моварауннаҳрнинг тарқоқ вилоятларини бирлаштириш ва буюк темурийлар давлатини янгидан тиклашга урингани ҳақида сўз юритилиб, улуғ аждодимизнинг улкан давлат яратиш орзуси Ҳиндистонда амалга ошгани, Буюк Бобурийлар империясига асос солишга муяссар бўлгани фахр билан эътироф этилди.
Тадбирни мактабнинг 6-синф ўқувчилари Зарнигор Юсуфбоева, Кумушой Отамуродова, Умида Қодирберганова, Гулзода Баҳодировалар бобокалон қаламига мансуб бўлган ғазал ва рубоийлар билан давом эттирди. Шунингдек, 5-синф ўқувчилари Зилола Баҳромова, Достон Қозоқбоев, Баҳодир Шукуруллаев, Барчиной Якубова, Диёрбек Икромов, Шайдо Ибрагимова ҳамда бошқалар ҳам Бобур рубоийларидан ифодали ўқиб бердилар. Мактабнинг 7-синф ўқувчилари ижросидаги “Атлас кўйлагим” деб номланган қўшиққа ижро этган ажойиб рақслар ҳам тадбир иштирокчиларини янада хушнуд этди.
Тадбир давомида мактабнинг 7-синф ўқувчилари “Бобур Ҳиндистонда” деб номланган саҳна кўринишини намойиш этдилар ва тарихий шахслар образларини жонлантиришга ҳаракат қилиб, ўз иқтидорларини кўрсатдилар. Айниқса, Жавоҳир Шомуродов шоҳ Бобур, Шоҳруҳ Иброҳимов ва Жаҳонгир Алимбоевлар вазирлар, Алихонт Чаршамов элчи ролларини маҳорат билан ижро этдилар.
Саҳна кўриниши давомида қарийб уч юз йил ҳукм сурган Бобурийлар ҳукмронлиги халқлар ўртасида ҳамжиҳатликни ўрнатиш, шунингдек, аҳолининг барча қатламларини маърифатли қилишга йўналтирилганлиги ифода этилиб, шундай кучли давлат барпо этган ва буюк сулолага асос солган шоҳ Бобурнинг Ватан соғинчи акс этган ижод намуналарининг яратилиш тарихи гавдалантирилди.
Ўқувчилар тадбир давомида Бобурнинг буюк шоир ва шу билан бирга истеъдодли ҳарбий ва сиёсатчи бўлганлигини, унинг рубоийлари ҳозирги кунда ҳам кўплаб шеърхонларни ҳайратлантириши ва илҳомлантиришини билиб олишди.
Таъкидлаб ўтилганидек, Бобур Мирзо 47 йиллик ҳаёти мобайнида бой адабий ва илмий мерос қолдирган. У жаҳон миқёсида эътироф этилган машҳур “Бобурнома”, ажойиб ғазаллар ва рубоийлар, мусулмон қонунчилигига оид “Мубаййин”, шеърият қоидаларига бағишланган “Аруз рисоласи”, мусиқа ва ҳарбий санъатга бағишланган асарлар, шунингдек, “Хатти Бобурий” махсус алифбосини яратган.
Тадбир сўнгида мактабнинг 6-синф ўқувчилари томонидан Бобурнинг “Лола” ғазалига саҳналаштирилган рақс ҳам намойиш этилди ва барчага завқ улашилди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 541 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Бобур – буюк сиймо” номли тадбир ўқувчи-ёшларнинг буюк сиймо ҳақидаги билимларини яна бойитгани билан аҳамиятли бўлди.
О.Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶