Ёш китобхон оилага навбатдаги ташриф
“– Сиз ўшами?
–Мен ўша, –деди Отабек.
Иккиси ҳам бир-бирисига беихтиёр термулишиб қолдилар...”
Эр-хотиннинг маслаги-ю, мақсади, орзу умидлари, интилишлари, касб-у, кори бир бўлса қандай яхши-я, азиз телетомошабин! Албатта бу оила мустаҳкам бўлишига, жуфтликлар бир бирини ўзаро тушуниб яшашига замин яратади. Бир оилада яшаб, бир ёстиққа бош қўйиб, бир бирини англамасдан ва орзу интилишлари бир кўчадан юриб ўтмай яшашдан Ҳақ таоло ўзи асрасин. Зеро, оила барқарорлигида ўзаро ҳурмат ва тушунишиб яшаш муҳим ўрин тутади.
Биз йўқлаб борган оила вакиллари эса бу масалада жамиятимизга ибрат бўлгулик. Маънавияти бой ушбу оила соҳиб ва соҳибалари бугун эл-у, юртда ҳурматда, давраларда айтар сўзи маъноли, ўрни эса тўрда. Қандай қилиб дейсизми? Ҳозир билиб оласиз...
Ўринбоевлар оиласини нафақат дўрманликлар, балки, бутун Амударё эли яхши танишади. Чунки улар ҳам адабиётчилар оиласи сифатида, ҳам китобхон оила сифатида кўп бора эътироф этилган. Оила бошлиғи Фарҳод ака ва Ширин опалар қурган мустаҳкам оила бугунги кунда овулнинг туп қўйиб, палак ёзиб, серфарзанд сердавлат бўлиб умргузаронлик қилаётган олд оилаларидан. Ҳа, фарзанди китоб ўқиб, юксак юксак марраларни забт этаётган, дастурхон бошида кимнингдир ғийбати эмас, балки, қайсидир бадиий асарнинг муҳокамаси ва мазмунли суҳбатлар кетадиган маданиятли кишиларни албатта сердавлат дейишадида!.. Бугун мана шу китобхон фарзандлар сабаб ота-онанинг эл орасида қадди ва қадри баланд, таниган билганлар раҳмат айтишади.
Китобхон ўғил Умидбек Ўринбоев ва китобхон келин Муҳаббат Давлатовалар болаликдан китоблар оламига, она тили ва адабиёт фанларига ихлос қўйган. Ўқувчилик пайтларида адабиёт ўқитувчисига ҳавас қилиб ўқитувчилик касбини танлаган Муҳаббат бугун бу танловидан мамнун. Собиқ курсдошлар ва ҳозирги кунда бир оила бўлиб бахтли ҳаёт кечираётган бу жуфтлик Ажиниёз номидаги Нукус Давлат педагогика институтини тугатиб, мустақил ҳаётга дадил қадамлар билан кириб борди.
Ўз фаолиятини туманимиздаги 20-сонли мактабда она-тили адабиёт фани ўқитувчиси сифатида бошлаган Умидбек ҳам мактабдаги устозлик фаолиятига, ҳамда китоб мутолаасига вақт топар эди. Ҳа, ушбу ёш келин-куёвнинг суҳбатлари “Ўткан кунлар” билан бошланиб, Пушкин шеърлари билан якунлангандир ўшанда эҳтимол. Нима бўлганда ҳам уларнинг тинимсиз ҳаракати ва китобга бўлган севгиси бесамар кетмади. 2022 йилда республика миқёсида ўтказилган “Ёш китобхон оила” танловида бир қанча босқичларни босиб ўтиб, ушбу аҳил оила Ўзбекистон бўйича фахрли биринчи ўринни қўлга кириб, давлатимиз раҳбарини шахсан ўзларининг қўлидан "Spark" автомобили калитини олди. Бу ғалаба ёш оиланинг орзуларига қанот бағишлади. Ҳозирги кунда икки нафар шириндан шакар фарзандларнинг ота-онаси бўлган бу жуфтлик ҳаракатдан, мутолаадан сираям тўхтагани йўқ. Стол устидаги тахланган китоблар эса уларнинг порлоқ келажагидан сўзлаётгандай гўё.
Яқиндагина Ўринбоевлар оиласи “Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририятининг “Билимли ва маънавиятли ёшлар билан Учинчи Ренессанс сари!” номли грант лойиҳаси доирасида ўтказилган “Маҳалламизнинг энг зиёли оиласи” танловида ҳам қатнашиб, фахрли 1-ўринни қўлга киритди. Ва бу ҳам ўз навбатида оиланинг ютуқлар шодасига илинган бир маржон бўлиб қўшилди. Танловда Ўринбоевлардан ташқари Алишер Бобожоновлар ва Соҳиба Бозорбоевалар ҳам ғолиб деб топилди ҳамда ғолибларга фахрий ёрлиқлар ва бадиий китоблар жамланмаси совға қилинди.
Дарҳақиқат, саодатли оиланинг бўсағасидан ҳатлашинг билан файзу баракани ҳис қиласан киши. Биз ҳам ташрифимиз давомида ана шу туйғуни ҳис этдик. Назаримизда ошхонадан келаётган овқат ҳидига қўшилиб, маънавият ифори ҳам таралар эди. Китобхон оила билан бир пиёла чой устидаги суҳбатимиз орқали худдики биз ҳам катта бир асар ўқигандай бўлдик ва уларнинг келгусидаги ишларига барака тилаб хайрлашдик.
Азиза Мадраҳимова

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶