ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ФИДОЙИ ШИФОКОРЛАР РАҒБАТЛАНТИРИЛДИ
Мамлакатимизда соғликни сақлаш соҳасига қаратилаётган эътибор ва рағбат туфайли мустақиллик йилларида тизимда мисли кўрилмаган ўзгаришлар амалга оширилди. Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги янги босқичга кўтарилиб, барча туман ва шаҳарлардаги тиббиёт муассасалари замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Соҳага хусусий сектор жалб қилиниб, соғлом рақобат муҳити яратилди. Шифокорларнинг касбий фаолиятларини тўсиқларсиз, самарали адо этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилиб, уларга алоҳида ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилмоқда. Соҳа ривожига ўзларининг ҳалол ва фидойи меҳнатлари билан муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган шифокорларни моддий ва маънавий рағбатлантириш чоралари кўрилаётгани аҳолига янада намунали тиббий хизмат кўрсатиш имконини бермоқда.
Маълумки, 2006 йил 12 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси “Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ ҳар йили анъанавий тарзда ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда тиббиёт ходимларининг касб байрами сифатида кенг нишонланади. Чунки шифокорлик касби ўзининг машаққати, масъулияти, инсон ҳаёти ва тақдирида тутган муҳим аҳамияти билан халқимиз учун ҳам қадрлидир.
Бутун мамлакатимизда бўлгани каби Амударё туманида ҳам ҳар йили тиббиёт ходимлари кунига бағишланган байрам тадбирлари ўтказилиб, соҳа фидойилари моддий ва маънавий рағбатлантирилади.
8 ноябрь куни туман Тиббиёт бирлашмаси қошидаги Марказий поликлиниканинг мажлислар залида амударёлик фахрий шифокорлар, туман тиббиёт соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган соғликни сақлаш тизими фидойилари иштирокида шифокорларнинг касб байрами муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди. Тадбирда эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган, ҳалол ва фидойи тиббиёт ходимларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.
Тадбирни Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Фахриддин Абдуллаев очди ва олиб борди. У ўз сўзида туман аҳолисининг саломатлигини сақлаш, малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод саломатлигини, оналик ва болаликни муҳофаза этиш борасида ўз билим ва тажрибасини, ҳатто бутун ҳаётини соҳа ривожига бахшида этиб, фидойилик намуналарини кўрсатаётган шифокорлар номини алоҳида ҳурмат билан тилга олиб, бир гуруҳ шифокорларга Тиббиёт бирлашмаси маъмурияти ва касаба уюшмаси томонидан фахрий ёрлиқлар ва қимматбаҳо совғалар топширди.
Дарвоқе, муҳтарам Президентимиз тиббиёт соҳаси вакиллари билан учрашувларидан бирида шундай деган эдилар: “Биз барча соҳалардан ҳам тиббиёт соҳасига алоҳида эътибор қаратдик. Чунки бош мақсадимиз – халқ саломатлигини сақлаш ва янада мустаҳкамлаш. Шуни унутмангларки, халқ тиббиёт соҳасига қанчалик ишонса, давлатга ҳам шунчалик ишонади. Халқ кўрсатилаётган тиббий хизматдан рози бўлса, давлатдан, бугунги юритилаётган сиёсатдан ҳам рози бўлади”.
Тадбирда сўзга чиққан тиббиёт соҳаси фахрийлари ва ёш, малакали шифокорлар Президентимизнинг ушбу сўзлари ўз фаолиятларида дастуруламал вазифасини ўташини алоҳида қайд этишиб, нафақат аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатиш, балки уларнинг кўрсатилаётган тиббий хизматдан рози бўлишларига эришиш соҳа ходимларининг бурчи эканлигини таъкидладилар.
Байрам тадбири давомида туманимизда ўтказиладиган маданий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этиб келаётган тиббий ҳамшира ва кичик тиббий ходимларга туман маданият бўлими томонидан ташаккурномалар тақдим қилинди. Шундан сўнг, туман маданият бўлими санъаткорлари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди. Фидойи шифокорларни шарафловчи куй-қўшиқлар ва жозибадор рақслар барчага хуш кайфият бағишлади.
Айни кунларда Амударё туман Тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги Марказий касалхона бўлимларида, ҳудудлардаги оилавий поликлиникалар, оилавий шифокорлик пунктлари, хусусий тиббиёт муассасаларида тиббиёт ходимлари куни арафасидаги байрамона тадбирлар давом этмоқда.
Биз ҳам халқ саломатлиги йўлида фидойилик билан меҳнат қилаётган соҳа ходимларини анъанавий касб байрамлари билан чин дилдан, самимий муборакбод этамиз ҳамда шарафли ва машаққатли, эзгу ишларида куч-ғайрат, муваффақиятлар тилаймиз!
Робия Йўлдошева.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶