Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан самарали фойдаланишга бағишланган семинар бўлиб ўтди
Амударё туманининг Чойкўл овулида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Семинар дала четлари, каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларининг атрофларидаги майдонларда, аҳоли томорқаси, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олди ҳамда маҳалланинг ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилишини ташкил қилиш масалаларига бағишланди.
Тадбирда республика ишчи гуруҳи раҳбари Зафар Қосимов, ишчи гуруҳ аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги биринчи ўринбосари Парахат Оринбаев, Агроинспекция ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги инспекторлари, туман ҳокими ўринбосарлари, кластерлар, фермер хўжаликлари раҳбарлари, томорқа ер эгалари ва маҳаллалар раислари иштирок этди.
Семинарда Президентимизнинг юқоридаги қарорининг мазмун-моҳияти, уни амалиётга татбиқ этиш ва бошқа масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Таъкидланганидек, мазкур ҳужжатда дала четларидан самарали фойдаланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор имтиёзлар кўзда тутилган. Хусусан, ички фитосанитария сертификати бир йил давомида бепул берилиши, дала четларига экилган “ин-витро” усулида яратилган мевали пайвандтагли кўчатларни сотиб олиш харажатларининг 50 фоизи миқдорида, бироқ ҳар бироқ ҳар бир мевали пайвандтагли кўчатга 25 минг сўмдан ошмаган ҳолда Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасидан белгиланган тартибда субсидия ажратилиши белгиланган.
Шунингдек, қарор асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари дала четини ўзлаштириш ва маҳсулот етиштириш учун зарур бўлган уруғ, кўчатлар, минерал ўғитлар, кимёвий препаратлар, моддий-техник ресурслар билан таъминланади. Сув билан таъминлаш учун насос ва қувурларни ўрнатиш харажатларининг 50 фоиздан кўп бўлмаган қисмини қарз олувчининг банк карталарига ўтказиш йўли билан 6 ойгача имтиёзли давр билан 12 ой муддатга йиллик Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада кредитлар ажратилади.
Семинар мобайнида 2025 йил ҳосили учун экилган ғалла майдонларида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, ўсимлик зараркунанда ва касалликларига қарши курашиш, дала четларидан самарали фойдаланиш ҳамда экспортбоп экин турларини экиш бўйича ҳам тавсиялар берилди.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶