Жангчи фахрийлар меҳнати эътироф этилди
Ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш жамиятнинг муҳим вазифаларидан бири. Бу борада фидокорона меҳнат қилиб, ўз ҳаётини ёшлар тарбиясига бағишлаган инсонлар эътироф этилиши эса ҳақли равишда таҳсинга лойиқдир.
Яқинда Ўзбекистон “Ветеран” жангчи-фахрий ва ногиронлар бирлашмаси томонидан амударёлик икки нафар жангчи фахрий – Икром Ражабов ва Бахтиёр Қиличевлар “Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш учун” медали билан тақдирландилар.
Икром Ражабов 1967 йилда Амударё туманида зиёли оилада туғилган. 1984 йилда Тошкент Политехника институтига ўқишга қабул қилинган. Бир йил ўтгач, ҳарбий хизматга чақирилиб, Туркманистондаги Теджон шаҳрида бошланғич ҳарбий тайёргарликдан ўтган. Кейинчалик Афғонистонда хизмат қилиб, 1987 йилда Ватанга қайтган. Тошкент Политехника институти ҳарбий кафедрасида ўқишни давом эттириб, 1990 йилда лейтенант унвонига сазовор бўлган. Ҳозирда туман Электр таъминоти корхонасида меҳнат қилмоқда.
Бахтиёр Қиличев эса 1960 йил 17 февралда Амударё тумани Холимбег овулида туғилган. У ҳам ҳарбий хизматни собиқ Германия Демократик Республикаси ва Афғонистонда хизмат ўтаган. Ҳарбий хизматдан сўнг Тошкент давлат педагогика университетида таҳсил олган. Кўп йиллар мобайнида тумандаги 35-сонли мактабда бошланғич таълим ўқитувчиси сифатида меҳнат қилган. Ҳозирда нафақада бўлса-да, ёшларга ватанпарварлик сабоқларини беришда фаол иштирок этмоқда.
Фахрийларимиз ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қўшган ҳиссаси билан ибрат намунаси саналади. Улар қилган хизматлар жамиятимизда эътироф этилиши эса Ватанга садоқат ва фидойилик қадрланишининг ёрқин далилидир.
Шоҳзод Қурбонбоев

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶