“Ўзкомназорат” инспекцияси бошлиғи Фарруҳ Рустамов амударёлик истеъмолчилар иштирокида сайёр қабул ўтказди
Бугунги кунда халқ билан учрашиб, жойларга чиққан ҳолда уларнинг дардига қулоқ тутиш, шу орқали аҳолининг розилигига эришиш ҳар бир раҳбарнинг бош вазифасига айланди. Барча давлат идоралари фаолиятида аҳолининг мурожаатларига алоҳида эътибор қаратилиб, мурожаатларни кўриб чиқиш ишларининг сифати жиҳатидан мутлақо янги тизим яратилди. Халқнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида жойларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар эса халқ билан давлат идоралари ўртасидаги бюрократик тўсиқларга барҳам бериб, давлат органларига бўлган ишончнинг ортишига замин яратмоқда.
Жорий йил 20 февраль куни Амударё тумани Маданият маркази биносида ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари хизматларидан фойдаланишда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, соҳадаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси – “Ўзкомназорат” бошлиғи Фарруҳ Рустамов томонидан сайёр қабул ўтказилди. Унда ахборот технологиялари ва телекоммуникация воситаларидан фойдаланувчи фуқаролар вакиллари ҳамда мазкур соҳа бўйича масъул мутахассислар, ёшлар иштирок этишди.
“Ўзкомназорат” инспекциясига ўз ваколати доирасида почта алоқаси, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялари хизматларининг сифатли тақдим этилиши, даврий босма нашрлар, фонограммалар, аудиовизуал асарлар ва компьютер дастурлари тарқатилишида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган. Сайёр қабул жараёнида инспекция бошлиғи Фарруҳ Рустамов иштирокчиларга кенг полосали телекоммуникация хизматлари турлари ва уларга уланиш тартиблари, кўрсатилаётган хизматлар сифати, тармоқларни модернизация қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар, хизматлар кўлами ва бошқа масалалар тўғрисида тушунтиришлар берди.
“Ўзкомназорат” инспекцияси ўз фаолиятида алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида амалга оширилиши режалаштирилган давлат дастурлари ижроси, телекоммуникация, почта алоқаси, телерадиоэшиттириш ва мобил алоқа соҳасида фаолият юритувчи оператор ва провайдерлар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини ҳам назорат қилиб боради.
Охирги йилларда инспекциянинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими томонидан ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилган. Хусусан, Республика ҳудудида аҳолига симли интернет хизматини кўрсатувчи 2 та, мобил алоқа йўналишида хизмат кўрсатувчи 6 та, телерадио йўналишида хизмат кўрсатувчи 6 та, почта ва курьерлик йўналишида хизмат кўрсатувчи 9 та ҳамда даврий босма нашрларини тарқатиш йўналишида хизмат кўрсатувчи 6 та субъектлар мавжуд бўлиб, ушбу субъектлар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати юзасидан назорат тадбирлари амалга оширилган.
Ўтган 2024 йил давомида телекоммуникация истеъмолчиларидан келиб тушган 499 та мурожаатлар кўриб чиқилиб, шундан 435 та мурожаат, яъни 87 фоизи ижобий ҳал қилинган. Корхоналар маъмуриятлари айби билан юзага келган 12 та мурожаат бўйича 5 та ҳолатда маъмурий иш қўзғатилган ва 8 та ҳолатда камчиликка йўл қўйган ходимларга нисбатан интизомий чоралар кўрилган. Ҳудудий бўлим томонидан ўз вақтида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида мурожаатлар сони ўтган йилга нисбатан 10.2 фоизга камайган.
Сайёр қабул давомида йиғилиш иштирокчиларидан телекоммуникация хизматларидан фойдаланишда юзага келаётган муаммолар ҳамда мазкур йўналишда хизматлар сифатини яхшилаш борасида мурожаат ва таклифлар келиб тушди.
Фуқароларнинг барча мурожаатларига масъуллар томонидан батафсил жавоблар, зарур тушунча ва маълумотлар тақдим этилди. Тадбир давомида “Ўзкомназорат” инспекцияси масъуллари томонидан ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасидаги янгиликлар ҳамда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти тўғрисида ҳам тушунтиришлар берилди. Шунингдек, иштирокчиларга соҳа бўйича муаммоларга дуч келган тақдирда “Ўзкомназорат” инспекциясининг тун-у кун узлуксиз ишлайдиган “1144” Ишонч телефон рақами орқали мурожаат йўллаши мумкинлиги қайд этилди.
Равшан Баҳромов.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶