Амударё туманида “Аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали даромадларини ошириш чора-тадбирлари” мавзусида Қорақалпоғистон миқёсидаги кўргазмали семинар бўлиб ўтди
Сўнгги йилларда мамлакатимизда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига ажратилган майдонлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ аҳолисининг бандлиги ва турмуш даражасини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йилнинг 30 январь санасида ўтказилган йиғилишида томорқа ва деҳқончилик ерларида юқори даромадли экинлар етиштириш бўйича янги ташаббуслар илгари сурилди ҳамда бу борада қатор устувор вазифалар белгилаб берилди.
28 февраль куни Амударё туманида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган янги тизим асосида “Аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали даромадларини ошириш чора-тадбирлари” мавзусида Қорақалпоғистон Республикаси миқёсидаги кўргазмали семинари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Турсунхон Худайбергенов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари – Президент Халқ қабулхонаси раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев, Вазирлар Кенгашининг Раиси Фарҳод Эрманов иштирок этди.
Шунингдек, мазкур кўргазмали семинарда республикадаги тегишли ташкилотлар масъуллари, барча туманларнинг секторлар раҳбарлари, оғир тоифага киритилган маҳаллалар масъуллари қатнашдилар.
Дастлаб меҳмонлар “Қипчоқ” шаҳарчаси ҳудудидаги “Ҳожи Эшон бобо” жомъе масжидига ташриф буюришди. Масжидда муборак Рамазон ойида республикада бошланаётган ишларнинг хайрли бўлиши учун Қуръон тиловат қилиниб, дуога қўл очилди.
Семинар доирасидаги кейинги манзилда иштирокчилар Жайхун овулида “Нукус Дилиша” МЧЖ томонидан ишга туширилган “Ун ишлаб чиқариш” лойиҳасининг очилиш маросимида иштирок этишди. Меҳмонлар туманда ишлаб чиқариш салмоғини юксалтиришга катта ҳисса қўшадиган ун ишлаб чиқарувчи корхона фаолияти билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, меҳмонлар эътиборига тумандаги тадбиркор ва ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ҳам тақдим этилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “Нукус Дилиша” МЧЖнинг ташаббускор раҳбари Баҳром Йўлдашев томонидан қиймати 15 млрд. сўмлик мазкур ун ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиши натижасида 51 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилмоқда.
Семинар иштирокчилари Чойкўллик Маҳмуд Норбаев томонидан томорқа ва деҳқон хўжалигидан самарали фойдаланиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишдилар. Томорқачи юртимизда тадбиркорлик учун яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, имтиёзли кредит маблағлари эвазига ташкил этган иссиқхонасида 30 нафардан ортиқ ишсиз хотин-қизларни мавсумий иш билан таъминлаб келмоқда.
Маҳмуд Норбоев дастлаб 2022 йилда маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси томонидан 33 млн. сўм миқдорида кредит олиб, томорқасида 9 сотих иссиқхона ташкил қилиш орқали ўз фаолиятини бошлаган. Шунингдек, тадбиркор фаолиятини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 306-сонли қарорига асосан 230 млн. сўм кредит олиб, 1,5 гектар ер ижарага олган ва бу ерда қўшимча 21 сотих иссиқхона ташкил қилган. Бугунги кунда жами 30 сотих иссиқхонада помидор ва бодринг етиштирилмоқда. Экилган ҳар бир кўчатдан ўртача 5 кг ҳосил олиниб, ички бозорларга сотилиши натижасида томорқачи бир йил давомида 300 млн. сўмгача даромад олмоқда.
Семинар давомида Чойкўл овули ҳудудида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт кўчатларини экиш тадбири ҳам ташкил этилиб, унда 2 гектар ер майдонга яхши ниятлар билан мевали дарахт кўчатлари экилди. Тадбирда ёшлар, нуронийлар, Республика, шаҳар ва туман сектор раҳбарлари иштирок этди.
Кейинги манзилда республика кўргазмали семинари иштирокчилари Ўрта қалъа овулида ўз томорқасининг 1 гектар майдонида иссиқхона ташкил қилиб, мўл ҳосил олаётган Рустам Юсуповнинг фаолияти билан танишдилар ва аҳоли томонидан кооперация асосида ташкил қилинган иссиқхоналарда кўчат ва сабзавотлар етиштириш фаолиятини кўздан кечирдилар.
2023 йилда 1 гектар майдонда ташкил этилган иссиқхонада помидор, бодринг маҳсулотлари етиштирилаётган бўлиб, ҳар йили жами 50 тоннадан ортиқ ҳосил олинмоқда ва томорқачи 500 млн. сўм атрофида даромад кўрмоқда.
Шундан сўнг меҳмонлар Чордара маҳалласида жойлашган “Томорқа хизмати” МЧЖнинг базасида бўлиб, фаолияти билан яқиндан танишдилар. Жамият томонидан аҳоли томорқасига 12 йўналишдаги хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилган бўлиб, 1 гектар майдонда иссиқхона ташкил этилган. Иштирокчилар жамиятнинг аҳолининг томорқасидан кўпроқ даромад олишига кўмаклашишга қаратилган чоралар, шу йўналишда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, тадбир давомида фаол томорқа эгалари ва фермер хўжаликлари раҳбарларига махсус техникалар тантанали равишда топширилиб, ҳурматли Президентимизнинг Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган қарор ва фармонлари асосида яратилган имкониятлар ҳақида кенг тўхталиб ўтилди.
Қайд этиш жоизки, жамият томонидан 700 тонналик совутгичли омборхона, 40 минг дона жўжа чиқариш инкубаторияси, кунига 1000 литр сутни қабул қилиш ва қайта ишлаш цехи, йилига 3000 тонна мош ва 2000 тонна кунжут маҳсулотларини қайта ишлаш, 400 тонна мевани қуритиш цехлари ташкил қилинган бўлиб, 75 та янги иш ўринлари яратилган. Бугуни кунда тумандаги 37 минг хонадон томорқасига комплекс хизмат кўрсатиб келмоқда.
Семинар мобайнида тумандаги сўлим масканларнинг бирида томорқадан самарали фойдаланиш борасидаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Муҳаммадиев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова сўзга чиқди.
Йиғилишда жойлардаги оғир шароитдаги маҳаллаларни обод қилиш, аҳолининг томорқадан самарали фойдаланиш маданиятини ошириш, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида ишларни ташкил этиш ва фуқаролар томонидан кооперациялар тузилишига кўмаклашиш, энг асосийси, Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш бўйича долзарб масалалар хусусида сўз юритилди.
Йиғилишда сўзга чиққанлар томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, томорқага комплекс хизматлар кўрсатувчи субъектлар сонини кўпайтириш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, фаолиятини янада кенгайтириш ва аҳоли томорқаларини хизматлари билан қамраб олиш даражасини ошириш, шунингдек, маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятларини янада ошириш лозимлигини алоҳида таъкидладилар ва шу йўналишларда устувор вазифалар белгилаб олинди.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.
(Фото: Жўқорғи Кенгеснинг Ахборот хизмати)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶