Нуроний онахонлар – элнинг файзи ва дуогўйи
Инсоният тарихида аёл ҳар доим эзгулик, вафо ва меҳр-муҳаббат тимсоли бўлиб келган. Айниқса, халқимиз учун она сиймоси ҳар нарсадан устун, унинг дуоси эса энг буюк куч саналади. Шу боис юртимизда хотин-қизларга, хусусан, ҳаётини эл-юрт хизматига бағишлаган нуроний онахонларга эътибор ва ҳурмат устувор аҳамият касб этади.
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида ўтказилаётган эзгу ташаббуслар бунга ёрқин далилдир. Байрам муносабати билан туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гўзал Сабурова бошчилигидаги масъуллар нуроний онахонларнинг хонадонларига ташриф буюриб, уларни самимий қутлашди.
Чордара маҳалласида истиқомат қилувчи 80 ёшли нуроний онахон Светлана Плотшина умрининг 37 йилини ёш авлодга билим беришга бағишлаган. У мактабда рус тили ўқитувчиси сифатида минглаб шогирдларга таълим-тарбия берган. Байрам муносабати билан ташриф буюрган масъуллар уни самимий муборакбод этиб, совға-саломлар туҳфа қилишди.
Шунингдек, масъуллар Хизр эли маҳалласида яшовчи 110 ёшли нуроний онахон Пардагул Бекниёзова хонадонига ҳам ташриф буюришди. 110 баҳорни қаршилаган ушбу табаррук онахон узоқ йиллар эл-юрт хизматида бўлиб, бугун фарзанд, набира ва чевараларининг дуогўйи сифатида умр кечирмоқда.
Шу куни Куюк кўпир овулида яшовчи 102 ёшли Шарифа Бабаниёзова хонадонига ҳам ташриф буюрилди. Она меҳрининг чексизлиги, инсон ҳаётидаги беқиёс ўрни ҳақида сўз кетганда, мана шундай нуроний онахонлар тимсолида бу ҳақиқат янада яққол намоён бўлади. Улар ёшлигида ҳаёт қийинчиликлари билан курашиб, машаққатли меҳнат қилган, бугунги фаровон кунларнинг асосини яратган фидойи авлод вакилларидир.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, ижтимоий муҳофазасини таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Аёллар нафақат оилада, балки давлат бошқаруви, иқтисодиёт, фан-таълим, тиббиёт, санъат ва маданият соҳаларида ҳам етакчи кучга айланган.
Бугун жамиятда нуроний онахонларимизнинг дуоси, ҳаётий тажрибаси бебаҳо хазинага айланмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларга муносиб шароит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиляпти. Шу боис, 8 март арафасида бундай ҳурмат-эътиборнинг намоён бўлиши юрагида она сиймосига нисбатан чексиз муҳаббат билан яшайдиган халқимизга хос эзгу қадриятларнинг ифодасидир.
Нуроний онахонлар – ўтган асрнинг барча синовларини ўз кўзи билан кўрган, эл-юртга фидойи хизмат қилган инсонлар. Улар тинч ва фаровон юртда фарзандлари, набиралари даврасида умр кечираётганидан шукроналар айтиб, дуолар қилмоқда. Уларнинг хонадонига ташриф буюриш, кўнглига қувонч улашиш эътибор билан бирга инсоний бурч ҳамдир.
Бугун мамлакатимизда хотин-қизлар, айниқса, ҳаётини фидокорона меҳнатга бағишлаган нуроний онахонлар доимий эътибор ва эъзозда. Зеро, аёл – жамият таянчи, оила бекаси, фарзанд тарбиячиси. Уларга бўлган ҳурмат эса фақат байрам арафасида эмас, балки доимо юксак бўлиши керак.
С. Оллоёрова, Амударё тумани ҳокимлиги мутахассиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶