Бобур номли овулда томорқадан самарали фойдаланишга доир семинар ўтказилди
Президент топшириғига мувофиқ, мамлакатимизда ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида бир қатор амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, томорқаларда анжир ва хурмо етиштириш бўйича лойиҳалар йўлга қўйилиб, бу ташаббус маҳаллий ҳокимият органлари, қишлоқ хўжалиги мутахассислари ва банклар томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Хотин-қизларга зарурий кўмак, ресурслар ва амалий ҳамда назарий билимлар бериб борилмоқда.
Яқинда Бобур номли овулда мазкур лойиҳа доирасида семинар ташкил этилди. Унда туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гўзал Сабурова, “Агробанк” АТБ Нукус шаҳар ва туман филиали масъуллари, шу овулдаги “еттилик” аъзолари ҳамда аҳоли вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда мутахассислар томорқалардан самарали фойдаланиш, уларни даромад манбаи сифатида ривожлантириш имкониятлари ҳақида фикр алмашишди. Ерга меҳр қўйган инсон ҳеч қачон зиён кўрмаслиги, меҳнат баракаси унинг ҳаётида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Шу боис, хотин-қизларга мевали дарахтларни етиштириш бўйича амалий машғулотлар ўтказилмоқда, улар сифатли кўчатлар, уруғлар ва зарур агротехника воситалари билан таъминланмоқда.
Шунингдек, хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида банклар томонидан имтиёзли кредитлар ажратилиши, бу эса ишбилармонлик муҳитини янада ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Семинар давомида иштирокчилар анжир ва хурмо кўчатларини экиш жараёнида фаол иштирок этишди. Мутахассислар мазкур меваларнинг парвариши, суғориш ва ҳосилдорликни ошириш бўйича тавсиялар беришди. Шунингдек, тажрибали боғбонлар ўз билим ва кўникмаларини ёшларга ўргатиш зарурлигига эътибор қаратилди.
Мазкур ташаббус ишсиз хотин-қизларга ўз томорқаларида анжир ва хурмо етиштириш орқали қўшимча даромад манбаига эга бўлиш имконини яратади. Лойиҳа доирасида томарқачилар ва тадбиркорлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва уларни иш билан таъминлаш бўйича давлат дастурлари ишлаб чиқилган бўлиб, улар Президентнинг тегишли Фармон ва Қарорлари билан мустаҳкамлаб қўйилган. Ушбу дастурлар доирасида хотин-қизларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликка йўналтириш, касб-ҳунар ўргатиш ва имтиёзли кредитлар ажратиш каби кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хотин-қизлар учун томорқаларда анжир ва хурмо етиштириш лойиҳаси нафақат уларнинг бандлигини таъминлаш, балки маҳаллий бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдиришга ҳам хизмат қилади. Давлат томонидан амалга оширилаётган дастурлар ҳар бир фуқарони тадбиркорликка йўналтириш, ўз ишини бошлаши ва мустақил даромад топиши учун кенг имкониятлар яратмоқда.
Семинардан сўнг, Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан туман ҳокими ўринбосари Гўзал Сабурова ва мутасаддилар Жумур овул маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи 95 ёшли нуроний Бика она Раҳимова хонадонига ташриф буюриб, онахоннинг ҳолидан хабар олишди.
Бика она Раҳимова 1930 йилда Амударё туманида таваллуд топган. У 1948 йилда Бекимбат ота Патиев билан оила қуриб, 3 нафар ўғил ва 3 нафар қизни вояга етказди. Турмуш ўртоғи 1973 йилда вафот этганидан сўнг, барча масъулиятни зиммасига олиб, фарзандларини ҳалоллик ва меҳнатсеварликка ўргатиб, катта ҳаётга тайёрлади. Умри давомида фронт ортида – овул хўжалигида астойдил меҳнат қилиб, оиласи ва жамият ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Бика она бугунги кунда фарзандлари, набира ва эваралари бағрида тинч ва бахтли ҳаёт кечирмоқда.
Бундай ташрифлар ёши улуғ инсонларга бўлган ҳурмат ва эътиборнинг ёрқин ифодаси бўлиб, нуронийларнинг шоду-хуррамлиги юрт тараққиётига ўз ҳиссасини қўшади.
Шоҳзод Қурбонбоев.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶