11-сонли мактабда “Ассалом, Наврўз!” номли байрам тадбири бўлиб ўтди
Яшариш ва янгиланиш айёми бўлган Наврўзи олам ҳақида гап кетганида ҳар бир инсоннинг ўз болалиги, ушбу байрам билан боғлиқ хотиралари ёдига тушади. Сабаби, болаликдаги “чакман тош”, “қувлашмачоқ”, “бекинмачоқ”, “арқон тортишув”, “варрак учириш” сингари кўплаб ўйинлар айнан баҳор мавсуми ҳамда Наврўз арафасида ўйналади. Шу каби халқ ўйинлари болажонларга олам-олам завқ улашади. Қишнинг изғирин ҳавосидан чарчаган одамлар Наврўзга – “Янги кун”га етганига шукроналар айтиб, бир-бирларининг ҳолидан хабар оладилар. Кўк сомса-ю, кўк чучвара, сумалак каби баҳорий таомларни тайёрлаб, маҳалладошларга илинадилар. Ҳа, баҳор ана шундай саховат ва меҳр-оқибат фасли. Наврўз эса, дилларни дилларга боғловчи шафоат, мурувват, ўзаро бағрикенглик мужассам бўлган кўҳна байрам.
2009 йил 30 сентябрда Наврўз байрами UNESCO тарафидан номоддий маданий мерос сифатида рўйхатига киритилиб, 2010 йил 23 февралда БМТ Бош Ассамблеясининг 64-сессиясида 21 март “Халқаро Наврўз куни” деб эълон қилиниши ушбу байрамнинг мақомини янада юксакларга кўтарди. Сана муносабати билан жойларда турли хил тадбирлар, сумалак сайллари ўтказилиб келинади.
Яқинда Амударё туманидаги 11-сонли мактабда “Ассалом, Наврўз!” номли байрам тадбири бўлиб ўтди. Байрам миллий ўзлигимизни англаш, ўқувчилар қалбида миллий анъаналаримизга ҳурмат ва муҳаббат уйғотиш, ўқувчилар ва меҳнат жамоаси қалбига байрамона шукуҳ олиб кириш мақсадида ташкил қилинди.
Мактабнинг маънавий-маърифий ишлари бўйича директор ўринбосари Қундузой Халмуратова ташкилотчилигида ўтказилган байрам тадбирини мактаб директори Улуғбек Мамутов кириш сўзи билан очиб бериб, мактаб маъмуриятини ва ўқувчиларни байрам билан қизғин муборакбод этди.
Шундан кейин байрам дастури бошланди.
Тадбирни мактаб психологи Дилноза Шамуротова олиб борди. Тадбирни мактабнинг 9-синф ўқувчилари ўзлари тайёрлаган, Наврўз анъаналарини акс эттирувчи саҳна кўринишлари билан бошлаб берди. 3-, 4-, 5-, 6-, 7-, 8- ва 10- синф ўқувчилари эса, ўзларининг байрамона рақслари, дилрабо қўшиқлари ва миллий чиқишлари билан даврага янада файз киритдилар.
Сўзимиз аввалида Наврўз байрамида ўтказиладиган миллий ўйинлар ҳақида сўз юритган эдик. Дарҳақиқат, ушбу баҳор байрамини миллий халқ ўйинларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Асрлар оша авлоддан авлодга ўтиб келаётган, ана шундай миллий ўйинлардан бири бу – “Арқон тортишув” ўйинидир. Қадимда бу ўйин Наврўз байрамида, халқ сайлларида, тўй ва маросимларда зўр иштиёқ билан ўтказилган. Ушбу ўйин эндиликда ҳам миллий байрамларимизда мусобақа тарзида ўтказилиб келинади. Шиддатли ва қизғин кечган “Арқон тортишув” мусобақасида мактабнинг 11-а синф йигитлари 1-ўрин, 9-а синф ўқувчилари 2-ўрин, 10-синф йигитлари эса 3-ўринни эгалладилар. Ғолиб жамоалар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Шунингдек, “Энг яхши рақс”, “Энг яхши қўшиқ”, “Энг яхши миллий либос”, “Энг яхши гуруҳ рақси”, “Энг яхши композиция”, “Энг яхши миллий рақс” ва “Энг яхши замонавий рақс” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланиб, уларга ҳам фахрий ёрлиқлар топширилди.
Азиза Мадраҳимова

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶