Ободонлаштириш ишлари тизимли тарзда ташкил этилмоқда
Амударё тумани кун сайин янги қиёфа касб этмоқда. Ҳудуд инфратузилмасининг яхшиланиши, яшил ҳудудларнинг кенгайиши ва аҳолининг турмуш сифатига ижобий таъсир кўрсатувчи чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Мутахассислар ва мутасаддилар шаҳарсозлик қоидаларига амал қилган ҳолда, ободонлаштириш ишларини жадаллик билан олиб боришмоқда. Йўлларни таъмирлаш, жамоат жойларини кўкаламзорлаштириш, тунги ёритиш тизимини яхшилаш ва санитария чора-тадбирларини кучайтириш орқали масъул ташкилотлар аҳоли турмуш фаровонлигига катта ҳисса қўшмоқда.
Туман Ободонлаштириш бошқармаси томонидан жорий йилги баҳор мавсумида умумий ҳисобда 25 мингдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган.
Шу кунларда Бештом маҳалласи ҳудудида шўрланган тупроқ ерлар тозаланиб, янги очилган майдонларга кўчатлар ўтқазиляпти. Шунингдек, туман бўйлаб 22 гектар ер майдонда арча, тут ҳамда мевали ва турли хил манзарали дарахтлар экилиши режалаштирилган. Бу экологик муҳитни яхшилашга, ҳаво тозалигини таъминлашга ва атроф-муҳит кўркамлигига хизмат қилади.
Баҳор мавсумида бошқармага қарашли иссиқхонада 100 минг тупдан ортиқ гул етиштирилиши кўзда тутилган. Ҳозирда петуния, катарантус, заъфарон каби турли хил хушманзара гуллар парвариш қилинмоқда.
Туманда ички йўлларни таъмирлаш ишлари ҳам кенг кўламда олиб борилмоқда. Чекка қишлоқлардаги тупроқли йўллар босқичма-босқич таъмирланиб, қум-шағал аралашмаси ётқизилмоқда.
Юқори қишлоқ, Аёқчи маҳаллалари, Холимбег ва Қипчоқ овулларида белгиланган вазифалар режадан ортиқ бажарилди. Шу кунларда Хитой овулида тупроқли ички йўлларга қум-шағал аралашмаси ётқизиш ишлари жадал давом этмоқда. Бу нафақат ҳайдовчилар, балки пиёдалар учун ҳам қулайлик яратади. Йўлларнинг яхшиланиши туманда транспорт ҳаракатининг тартибли ва хавфсиз бўлишига катта ҳисса қўшади.
Кўчаларда тунги ёритиш тизимини такомиллаштириш ишлари ҳам мунтазам равишда олиб борилмоқда. Марказий кўчалардаги тунги ёритиш чироқлари кўздан кечирилиб, эски ва носоз чироқлар замонавий ёритиш ускуналарига алмаштирилмоқда. Бу эса аҳолининг тунги вақтда хавфсиз ҳаракатланишига шароит яратиб, кечаси ҳаракат хавфсизлигини ошириш ва шаҳар қиёфасини янада чиройли қилишга хизмат қилади.
Баҳор фаслида қутуриш ва бошқа касалликларнинг олдини олиш мақсадида туман Ободонлаштириш бошқармасининг махсус бригадаси томонидан санитария тадбирлари кучайтирилмоқда. Хусусан, дайди итлар назорати кучайтирилиб, улар махсус ўринларга жойлаштирилмоқда. Бу, айниқса, Дўстлик маҳалласидаги кўп қаватли уйлар атрофида кўп учрайдиган муаммолардан бири эди. Мазкур чора-тадбирлар аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, санитария ҳолатини яхшилаш ва инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида олиб борилмоқда.
Туманда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳудуднинг умумий қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда. Ободонлаштириш, йўлларни таъмирлаш, тунги ёритиш тизимини яхшилаш ва санитария чора-тадбирларини кучайтириш орқали аҳоли учун янада қулай, хавфсиз ва замонавий муҳит яратилмоқда. Ривожланаётган инфратузилма, қулай экологик муҳит ва аҳоли турмуш сифатининг яхшиланиши эса Амударё туманини янада фаровон ва жозибали ҳудудга айлантириши шубҳасиз.
Шоҳзод Қурбонбоев.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶