Пахтадан юқори ҳосил олиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди
Пахта – юртимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутувчи қишлоқ хўжалиги экинларидан бири ҳисобланади. Пахта толаси, чигит ва бошқа маҳсулотлари саноат ва экспорт учун катта аҳамиятга эга. Шу сабабли, пахта етиштиришда юқори ҳосил олиш – ҳар бир деҳқон ва фермер учун асосий мақсад ҳисобланади. Бунга эришиш эса, биринчи навбатда, тўғри агротехник тадбирларни амалга оширишга боғлиқ.
Жорий йилнинг 14 апрель санасида Амударё туманининг Оқ олтин овули ҳудудида пахтадан юқори ҳосил олишда агротехник тадбирларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш масалаларига бағишланган қишлоқ хўжалиги семинари бўлиб ўтди.
Овулдаги “Сафарбой Қодир” фермер хўжалиги пахта даласида ташкил этилган семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Аграр, сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш ва экология масалалари қўмита раиси Анвар Жуманазаров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари, қишлоқ хўжалиги вазири Шуҳрат Тешаев, Ўзбекистон фермерлари кенгаши ҳузуридаги Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси директори Тўлқин Сатторов, жамғарманинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича вакили Алланиёз Ажимов, тумандаги қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси масъуллари, фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этдилар.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари, Қишлоқ хўжалиги вазири Шуҳрат Тешаев сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан фермер хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида яратилаётган кенг имконият ва имтиёзлар хусусида тўхталиб ўтди ва улардан самарали фойдаланган ҳолда соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиш зарурлиги хусусида сўз юритди.
Шунингдек, пахта ҳосилдорлигини оширишда пахта етиштиришда илм ва инновацияларга асосланган уруғчилик, нав танлаш, ерга ишлов бериш, ўғитлаш, суғориш ишларини тўғри ташкил этиш пахта-тўқимачилик соҳасида экспорт ҳажмлари ва даромадни оширишга хизмат қилиши, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос энг мақбул навларни кўпайтириш ва экиш лозимлиги, тупроқ унумдорлиги, унинг кимёвий ва биологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда кимёвий ва органик ўғитлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлиши, ғўза касалликлари ва ҳашаротларга қарши курашишда самарадор препаратларни, замонавий технологияларни қўллаш зарурлиги ҳамда агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва тўғри амалга оширилишини таъминлаш лозимлиги таъкидланди.
Маълумот тариқасида айтиш жоизки, туманда 2025 йил пахта ҳосили учун 348 та фермер хўжаликларидаги 13 минг гектар экин майдонларига чигит экилган бўлиб, улар “Эко текс” кластери билан шартнома тузишган. Пахтачилик фермер хўжаликлари томонидан пахта хомашёсини етиштириш режаси умумий 57 минг 220 тонна бўлиб, чигит экилган майдонларнинг 10 минг 600 гектарига “Султон” нави, 2 минг 400 гектарига хорижий навлар экилган. Чигит экиш отрядлари сони 65 та бўлиб, уларнинг аъзолари 119 нафарни ташкил қилади. Уларнинг 18 нафари агрономлар бўлиб, ҳар бир отрядга биттадан раҳбар масъул қилиб бириктирилган ва 3155 та техникалар жалб қилинган.
Семинар бўлиб ўтаётган “Сафарбой Қодир” фермер хўжалигининг умумий ер майдони 105,7 гектар бўлиб, экин майдони 81,8 гектарни ташкил этади. Пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашган кўп тармоқли фермер хўжалиги экин майдонларида эртаки сабзавот экинлари картошка, карам, пиёз, саримсоқ пиёз, сабзи каби маҳсулотлар ҳам етиштирилади.
Семинар мобайнида республика миқёсидаги раҳбарлар томонидан таъкидланганидек, пахта майдонларида бегона ўтлар ўсимликларнинг ўсишини сусайтиради, ҳосилдорликни камайтиради. Шу боис, агротехник чоралар орқали уларни йўқотиш, тупроқни бегона ўтлардан тозалаш, гербицидлардан фойдаланиш ва қатор ораларига ишлов бериш муҳим аҳамиятга эга. Ер унумдорлигини сақлаб қолиш учун пахта экинини ҳар йили бир майдонда экишдан сақланиш, яъни алмашлаб экиш тартибига риоя қилиш зарур.
Айтиш жоизки, юқори пахта ҳосили – илмий асосланган, тизимли агротехник тадбирлар орқали эришиладиган натижадир. Ҳар бир деҳқон ва фермер ўз ишида ушбу тадбирларга жиддий эътибор берса, нафақат юқори ҳосил, балки ер унумдорлиги ва иқтисодий барқарорлик ҳам таъминланади.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶