Қумёп МФЙда аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди
Жамият фаровонлиги ва барқарор тараққиёти, аввало, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш билан чамбарчас боғлиқ. Айниқса, жойлардаги тиббий хизматлар сифатини ошириш, соғлом турмуш тарзи маданиятини кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар аҳоли ўртасида саломатликка бўлган эътиборни янада оширмоқда. Шу мақсадда 7 май куни Қангли оилавий шифокорлик пунктига қарашли Қумёп маҳалла тиббиёт пунктида “Соғломлаштириш ойлиги” доирасида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.
Мазкур тадбир Амударё туман Тиббиёт бирлашмасининг Кўп тармоқли марказий поликлиникаси мутахассислари — кардиолог, эндокринолог ва терапевтлар, шунингдек, Қангли оилавий шифокорлик пункти шифокорлари, патронаж ҳамширалар, доялар, лаборатория ҳамширалари ҳамкорлигида амалга оширилди. Кўрик давомида аҳоли УЗИ, ЭКГ ва клиник лаборатория текширувларидан ўтказилиб, уларнинг умумий саломатлик ҳолати ўрганилди.
Жами 212 нафар аҳоли вакиллари тиббий кўрикдан ўтказилиб, 18 нафар шахсда турли саломатлик муаммолари аниқланди ва уларга амбулатор тартибда даволаниш учун йўлланмалар берилди. Шу билан бирга, тўшакка михланиб қолган 5 нафар бемор шифокорлар томонидан уй шароитида кўрикдан ўтказилди. Касалликлар бўйича даволаш жараёнларини самарали ташкил этиш мақсадида 12 турдаги дори воситаларга эҳтиёж аниқланиб, шундан 18 нафар беморга бепул дори-дармон тарқатилди.
Тадбир доирасида тиббий кўрикдан ташқари аҳолини соғлом турмуш тарзига йўналтиришга қаратилган ташаббуслар ҳам амалга оширилди. Жумладан, “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” умуммиллий ҳаракати доирасида “Соғлом овқатланиш ярмаркалари” ҳамда “Саломатлик майдончалари” ташкил этилди. Махсус тайёрланган саволнома орқали 48 нафар фуқаронинг овқатланиш одатлари ўрганилиб, уларга эксперт хулосалари берилди.
Шунингдек, Қумёп маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Саломатлик мактаби” аъзолари ва ҳамкор ташкилотлар билан ҳамжиҳатликда “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” шиори остида оммавий пиёда юриш тадбири ўтказилди. Бу ташаббус нафақат жисмоний фаолликни оммалаштириш, балки аҳоли орасида фаол ва соғлом ҳаёт тарзига қизиқишни кучайтиришга хизмат қилди.
Бундан ташқари, “Иссиқ иқлимда тўғри овқатланиш ва тўғри кийиниш”, “Жисмоний фаоллик — бу саломатлик”, “Зарарли одатларнинг олдини олиш” каби мавзуларда соғломлаштирувчи суҳбатлар ташкил этилди. Мавсумий ва юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш мақсадида аҳолига 62 дан зиёд тарқатма материаллар улашилди.
Қангли оилавий шифокорлик пунктида ташкил этилган мазкур тадбир жойларда тиббий хизмат сифатини ошириш, аҳолининг саломатлик ҳолатини мунтазам мониторинг қилиш, касалликларни эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олишга хизмат қилди. Энг муҳими, бундай амалий чоралар орқали аҳоли турмуш тарзида тиббий маданиятни шакллантириш, профилактикага оид билимларни мустаҳкамлаш имкони яратилди.
З. Сапарова, Қангли ОШП мудираси.
С. Муратбоева, катта ҳамшира.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶