Халқаро оила куни муносабати билан ҳарбий қисмда тадбир ўтказилди
Ҳар йили 15 май куни дунё бўйлаб Халқаро оила куни кенг нишонланади. Мазкур сана инсоният учун оиланинг беқиёс аҳамиятини яна бир бор эслатади. Зеро, оила жамиятнинг асосий пойдевори сифатида инсон тарбияси, соғлом авлодни вояга етказиш ва барқарор келажакни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Шу муносабат билан яқинда Амударё туманидаги Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмлардан бирида “Соғлом оила – соғлом жамият пойдевори” шиори остида тадбир ташкил этилди.
Унда турли соҳалар вакиллари – Стратегик ривожланиш институти филиали ассистенти Сабира Тангаторова, туман оилавий поликлиникаси шифокори, педиатр Дилбар Алламберганова, 36-сонли умумтаълим мактаби психологлари Гўзал Жарлиқапова ҳамда Шоҳиста Абдуллаева, шунингдек, ҳарбий хизматчи Миржаҳон Мажидов ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари фаол иштирок этдилар.
Маърузачилар томонидан оилада соғлом муҳитни шакллантириш, фарзанд тарбиясида ота-она масъулияти, бола руҳиятини тўғри англаш ҳамда ота-она ва фарзанд ўртасида самарали мулоқот ўрнатишнинг аҳамияти ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Хусусан, оилада меҳр-оқибат, ўзаро ишонч ва эътибор туйғуларини мустаҳкамлаш, болаларнинг ёш даврига мос равишда тарбия усулларини қўллаш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, тадбир давомида оилавий овқатланиш маданияти, соғлом овқатланиш тарзи, мавсумий юқумли касалликларнинг олдини олиш, фарзандлар иммунитетини мустаҳкамлаш борасида шифокорлар томонидан фойдали маслаҳатлар берилди.
Таъкидлаш жоизки, ҳарбий хизматчиларнинг оилалари билан бундай тарбиявий-маърифий учрашувлар ўтказилиши нафақат оилаларнинг маънавий мустаҳкамлигига, балки уларнинг жисмоний ва психологик барқарорлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Севинч Ўмирбоева, Ўзбекистон жаҳон тиллари университети талабаси,таҳририят амалиётчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶