Оила мустаҳкамлиги – жамият тараққиётининг пойдевори
Юртимизда соғлом ва мустаҳкам оилаларни шакллантириш, миллий урф-одат ва қадриятларни кенг тарғиб қилиш мақсадида ҳар йили анъанавий тарзда “Ибратли оила” кўрик-танлови ўтказилиб келинмоқда. Мазкур танлов жамиятда соғлом ижтимоий муҳитни мустаҳкамлаш, оила институтини ривожлантириш ва намунали оилаларни кенг жамоатчиликка намойиш этиш борасида муҳим аҳамият касб этади.
Жорий йилда ҳам ушбу танлов республика бўйича барча ҳудудларда юқори савияда ташкил этилди. Танловда ўзининг меҳр-оқибатли, аҳил ва ўрнак бўлишга арзигулик ҳаёт тарзи билан бошқаларга намуна бўлаётган оилалар иштирок этдилар. Баҳолаш мезонлари сифатида оиланинг маънавий-ахлоқий муҳити, фарзандлар тарбияси, ота-оналарнинг касбий фаолияти ва жамиятдаги фаоллиги каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Амударё тумани Маданият бўлимида 15 май – Халқаро оила кунига бағишлаб ўтказилган байрам тадбирида “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” республика кўрик танловининг Қорақалпоғистон босқичи ғолиблари бўлган Амударё туманидаги 11 та оила вакиллари муносиб тақдирланди.
Тадбирда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Фахриддин Юсупов сўзга чиқиб, юртимизда оиланинг жамиятдаги ўрнини ошириш, оила институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилаларда ўзаро ҳамжиҳатлик, тинч ва осойишта ҳаёт тарзини шакллантириш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритди.
Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда, “Оила – муқаддас даргоҳ, муқаддаслиги шундан иборатки, аввало, қаерда ишласангиз ҳам, ким бўлиб ишласангиз ҳам, агар оилада тарбия, оилада муҳит, оилада ҳалоллик, муносабат, тарбияга алоҳида эътибор бермасангиз, ҳеч қачон натижа бўлмайди. Одам бахтлиман дейишга қай даражада ҳақли? Агар оиланг билан сен бахтли бўлсанг, бахтлиман дейишга ҳақинг бор”.
Байрам тадбирида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Фахриддин Юсупов “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” дея эътироф этилган 11 та оилалар аъзоларига “Ибратли оила” кўкрак нишони ҳамда эсдалик совғаларини тантанали равишда топширди. Туман Маданият бўлимининг истеъдодли хонандалари ижросидаги бетакрор куй-қўшиқлар тадбирга юқори байрамона руҳ бағишлади.
Таъкидлаш керакки, оила – бу ижтимоий барқарорлик кафолати. Мустаҳкам оилаларда улғайган фарзандлар ўз йўлини топган, мақсадли, билимли ва ватанпарвар, баркамол авлод бўлиб вояга етади. Бу эса бевосита жамиятнинг илмий, иқтисодий ва маънавий ривожига хизмат қилади. Аксинча, оилавий муаммолар, ажралишлар ва бефарзандлик каби муаммолар жамиятда салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Шу сабабли, давлатимиз томонидан оила институтини мустаҳкамлашга, ёш оилаларни қўллаб-қувватлашга, фарзандлар тарбиясида ота-оналарнинг ролини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Оилавий қадриятларни мустаҳкамлашга қаратилган қонунлар, ижтимоий дастурлар, маданий-маърифий тадбирлар – буларнинг барчаси жамият тараққиёти учун хизмат қилмоқда.
Оила мустаҳкамлиги жамият барқарорлигининг, юрт равнақи ва миллат келажагининг асосий омилидир. Ҳар бир фуқаронинг бурчи – ўз оиласини эъзозлаш, уни маънавий поклик ва меҳр-оқибат асосида қуришдир. Зеро, мустаҳкам оила – буюк жамиятнинг асоси демакдир.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶