Ватан қалбимизда яшайди
Ватан – инсоннинг илк қадамлари, болалик хотиралари, она тили ва миллий қадриятлари билан улуғ бўлган муқаддас маскандир. Бу сўз қалбимизда ифтихор, муҳаббат ва садоқат туйғуларини уйғотади. Ҳар қандай инсон учун ўз Ватани ягона, беназир ва алмаштириб бўлмас неъматдир. Зеро, Ватан – бу нафақат жуғрофий ҳудуд, балки тарих, маданият, тил ва миллатнинг жонидир.
Менинг Ватаним – мустақил Ўзбекистон. Унинг мусаффо осмони, бетакрор табиати, меҳрибон ва бағрикенг инсонлари, бой тарихи ва жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссаси юртнинг ҳар бир фарзандида фахр ва ғурур туйғуларини уйғотади. Самимий инсонлар, илму маърифатни қадрлайдиган халқ, тинчлик ва осойишталик ҳукмрон бўлган жамият – ана шундай фазилатлар Ватанимизни янада улуғвор қилади.
Ватанга муҳаббат шунчаки сўз билан эмас, балки амалий ишлар билан намоён бўлади. Ўз йўналишида билим олиш, меҳнат қилиш, Ватаннинг ободлиги учун эзгу ишларга қўл урмоқ, унинг келажагига дахлдорлик ҳисси билан яшаш – ҳақиқий ватансевар инсоннинг бурчидир. Биз ёшлар учун энг катта вазифа – бу етук тарбия ва билим, маънан бой, замонавий дунё қарашга эга бўлган шахслар сифатида етишишдир. Бу эса Ватан тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Мен учун Ватан – Онамдек азиз ва муқаддас. Она инсонни тарбиялаб вояга етказган бўлса, Ватан эса унинг жисмоний ва маънавий қуввати, ҳаётини маъноли қилувчи асосий манба ҳисобланади. Шу боис, ҳар бир инсон Ватанига муҳаббат ва садоқат билан яшамоғи, уни асраб-авайлаб, келажак авлодларга янада обод ва тараққий этган ҳолда топшириш учун астойдил ҳаракат қилиши шарт.
Юрт тақдири – ҳар бир шахснинг тақдири, унинг эртанги ҳаётининг калитидир. Шу сабабли, Ватан олдидаги муқаддас бурч – уни ҳимоя қилиш, илму маърифат билан қуролланиш, фидойилик ва садоқат билан хизмат қилишдир. Биз ёшлар, бу юртнинг келажаги сифатида, ўз Ватанимизни янада гуллаб-яшнаши, дунё миқёсида тан олиниши учун бор билимимиз, меҳримиз ва куч-ғайратимизни аямаслигимиз зарур.
Дилдора Уринова, ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети талабаси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶