Амударё туманида Ёшлар куни муносиб нишонланди
Юртимизда 30 июнь – Ёшлар куни ҳар йили ўзига хос шукуҳда, юксак кўтаринкилик ва қувонч билан нишонланади. Амударё туманида ҳам сана муносабати билан катта байрам тадбири ташкил қилинди.
Дўстлик маҳалласи Вахум аҳоли пунктида жойлашган болалар ўйингоҳида ташкил этилган тантанали тадбирда ёшлар, ота-оналар, нуронийлар ҳамда меҳмонлар иштирок этди.
Байрамни кириш сўзи билан очиб берган туман ҳокими Собир Хўжаметов барчани Ёшлар куни билан самимий муборакбод этди. У ўз нутқида ёшлар – давлат эътиборининг марказида эканини, бугун уларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришлари учун барча шароитлар яратилаётганини алоҳида қайд этди.
Дарҳақиқат, муҳтарам Президентимизнинг ғамхўрлиги, эътибори туфайли мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати янги босқичига кўтарилди. Бундан саккиз йил муқаддам – 2017 йилда давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан 30 июнь куни “Ёшлар куни” байрами сифатида белгилангани нафақат ёшларимиз, балки бутун халқимиз ҳаётида тарихий воқеа бўлган эди.
Ушбу байрам эълон қилинганидан ҳозирги кунга қадар амалга оширилган жами бунёдкорликлар, барча соҳалардаги туб ислоҳотлар, кундалик турмушимиздаги шиддатли ўзгаришлар, аввало, ёшларимиз келажаги учун, уларнинг озод ва обод ватанда, ҳеч кимдан кам бўлмай, бахтли ҳаёт кечириши учун қилинаётган саъй-ҳаракатлар натижаси, десак, асло муболаға бўлмайди.
Байрам тадбирида турли соҳаларда фаоллиги, ўз касби ва ҳунари, илм-фан соҳасидаги ютуқлари билан ажралиб турган бир гуруҳ намунали ёшларга туман ҳокимининг ташаккурномалари тантанали равишда топширилди. Улар орасида давлат ташкилотларида, “Маҳалла еттиликлари” сафида самарали фаолият олиб бораётган ёшларнинг меҳнатлари алоҳида эътироф этилди. Бу эса уларнинг ҳаракатларига рағбат, келажакдаги ишларига ишонч бағишлади.
Шундан кейин тадбирнинг энг ҳаяжонли ва кутилган дақиқалари – концерт дастури бошланди. Байрам саҳнасида республика миқёсида танилган эстрада хонандалари билан бирга Амударё туманининг умидли ёш ижодкорлари ўзларининг ёрқин чиқишлари билан томошабинларга шодлик уланди. Қувноқ куй-қўшиқлар, рақслар, жонли ижролар тадбирга ўзгача файз ва завқ бағишлади.
Таъкидлаш жоизки, бугун ёшлар замонавий шароитлардан фойдаланган ҳолда чуқур билим олиб, рақобатбардош касбларни эгаллаб, юрт равнақи йўлида фидокорона хизмат қилмоқдалар. Мамлакатимиздаги ҳар бир ислоҳот, ҳар бир янгилик ёшларнинг иштироки, куч-ғайрати билан амалга ошмоқда.
Кейинги пайтларда келажагимиз эгалари бўлган ўғил-қизларимиз билан ишлашнинг мутлақо янги тизими – “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар дастури” ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда. Туманда олиб борилган амалий ишлар натижасида ўтган 6 ой мобайнида “Ёшлар дафтари”га кирган 213 нафар йигит-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш учун “Ёшлар жамғармаси”да 624 млн сўм маблағ шакллантирилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан “Ёшлар дафтари”га киритилган профессионал ва олий таълим ташкилотлари ўқувчи-талабаларининг 136 нафарига тўлов-шартнома суммасининг бир қисми қоплаб берилди. 3 нафар ёшларнинг давлат ва нодавлат таълим ташкилотларидаги автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ўқув курси харажатлари учун субсидия ажратилди. Шунингдек, 8 нафар ёшларнинг сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўташ бадали тўлиқ миқдорда қоплаб берилди.
Ёшлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар натижасида жорий йил бошидан шу кунга қадар 1 минг 319 нафар ёшлар иш ўринларига эга бўлдилар. Амударёлик ёшлар бу каби эътибор ва имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда илм-фан, маданият ва спорт, тадбиркорлик ҳамда бизнес, қўйингки, барча соҳаларда юксак натижаларга эришмоқдалар.
Тадбир якунида осмон турфа рангли чироқлар билан чароғон бўлди. Намойиш этилган мушакбозлик шоуси барчага байрамона кайфият улашди, ёшлар ва меҳмонларнинг юзида порлаган қувонч, ҳайрат ва олқишлар кечанинг ажойиб якунига айланди. Бу гўзал дақиқалар қалбларда унутилмас таассурот қолдирди ва яна бир бор ёшлар эътибор ва ғамхўрлик марказида эканини амалда исботлади.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶