Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаган тадбиркорларга субсидия ажратилади
Жамиятда ижтимоий тенгликни таъминлаш ва меҳнат бозорида имконияти чекланган инсонларнинг иштирокига кенг йўл очиш мақсадида мамлакатимизда муҳим ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Ҳукуматнинг 2025 йил 1 июлдаги тегишли қарори билан “Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, уларнинг меҳнат фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Ушбу низом ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлашни амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларини ва хусусий бандлик агентликларини қўллаб-қувватлашнинг аниқ ва тизимли механизмларини белгилаб берди. Эндиликда бундай фаолиятни амалга ошираётган тадбиркорлар бандликка кўмаклашиш ва иш жойларини мослаштириш учун субсидия олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Мазкур чора-тадбирларни самарали ташкил этиш мақсадида “Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигига кўмаклашиш электрон реестри” ахборот модули юритилади. Бу реестр орқали ҳимояга муҳтож шахсларнинг рўйхати, иш берувчилар ва амалга оширилаётган қўллаб-қувватлаш чоралари электрон равишда баҳолаб борилади.
Ушбу субсидия қуйидаги талабларга жавоб берадиган тадбиркорларга берилади:
– Электрон реестрда рўйхатда турган I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни камида 3 ой давомида расмий ва узлуксиз иш билан таъминлаган;
– Ҳар ойда ушбу шахсга белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2 бараваридан кам бўлмаган иш ҳақи тўлаган.
Бу тартиб нафақат иш берувчиларни ижтимоий масъулиятга ундайди, балки ногиронлиги бўлган фуқароларнинг иқтисодий фаоллигини ҳам оширишга хизмат қилади.
Иш жойларини мослаштириш субсидияси эса I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун сурдотаржимон, психолог ёки ҳамроҳлик хизматини ташкил этган тадбиркорларга 50 миллион сўмгача миқдорда берилади.
Субсидиялар миқдори БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори) асосида ҳисобланади:
– Сурдотаржимон хизмати учун – БҲМнинг 8 баравари;
– Психолог хизмати учун – БҲМнинг 10 баравари;
– Ҳамроҳлик хизмати учун – БҲМнинг 5 баравари.
Тадбиркорлар ушбу субсидияларга даъвогарлик қилиш учун “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали ёки ЯИДХП (my.gov.uz) порталидаги электрон сўровномани тўлдирган ҳолда ариза беришлари мумкин. Бу жараён автоматлаштирилган бўлиб, очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.
Шоҳзод Қурбонбоев тайёрлади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶