Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан пресс-тур ташкил қилинди
Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонуни ижроси юзасидан Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг туман, шаҳар филиаллари томонида кенг қамровли хатлов ишлари олиб борилмоқда.
Қонун ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида аҳолига янада кенгроқ маълумот бериш мақсадида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкил қилинди. Пресс тур иштирокчилари Нукус шаҳрининг Гоне қала маҳалласидаги хатлов жараёнлари, хусусан, хатлов жараёнида Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг Нукус шаҳар филиали ходимлари томонидан амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.
Оммавий ахборот воситалари вакилларига хонадонма-хонадон юриш, ўлчов ишларини амалга ошириш, ходимлар ва аҳоли вакилларининг мулоқот жараёнлари, ўлчов маълумотларини қоғозда қайд этиш тартиби ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Қайд этиш керакки, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 2025 йилда 166 та маҳаллада хатлов ишлари амалга оширилиши белгиланган. Бу ишларга ҳудудларда жами 175 нафар ходимлар сафарбар қилинган.
Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида қонун ижроси бўйича ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, бугунги кунга қадар 48 минг 498 та кўчмас мулк объектлари хатловдан ўтказилди. 34 минг 277 та объект ҳақида маълумотлар UZKAD ахборот тизимига юкланган ва 18 минг 640 дона объект “E’tirof” автоматлаштирилган тизимга ўтказилган. 14 минг 992 та объект ҳозирда муҳокама жараёнида бўлиб, 2 минг 401 та объект ҳақида маълумотлар Кадастр агентлигининг расмий kadastr.uz сайтида ва маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларида эълон қилинган. Қолган 561 та объект Адлия органлари томонидан ўрганилмоқда ва комиссия томонидан 23 та объектнинг мулк ҳуқуқини эътироф этиш рад этилган. 54 та кўчмас мулк бўйича ҳуқуқларни тан олиш учун халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг қарорлари кутилмоқда.
Нукус шаҳри бўйича жорий йил мобайнида 28 та маҳаллада хатлов ишлари амалга оширилиши белгиланган. 18 август ҳолатига кўра 6 минг 105 дона кўчмас мулк объектлари хатловдан ўтказилиб, 1 минг 584 дона объект “E’TIROF” ахборот тизимига киритилган.
3 минг 786 та объект ҳақидаги маълумотлар UZKAD ахборот тизимига юкланган бўлиб, 1 минг 584 дона объект “E’tirof” автоматлаштирилган тизимига ўтказилган. 1 минг 417 та объект ҳозирда муҳокама жараёнида бўлса, 165 та объект ҳақида маълумотлар Кадастр агентлигининг расмий kadastr.uz веб-сайтида ва маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларида эълон қилинган.
Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Сардор Урунбоев ва Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Исатай Тлеуовлар иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида журналистларга қонун ижроси бўйича батафсил маълумотлар берилди.
Қонунга кўра, ижобий хулоса қабул қилинганидан кейин фуқароларга Кадастр агентлиги томонидан бир марталик тўловни амалга ошириш борасида смс-хабарнома юборилади. Хабарнома асосида бир марталик тўловни амалга оширганларга эса ҳар чоракда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг қарорлари билан тегишли ҳуқуқлар эътироф этилади.
Шу ўринда айтиш керакки, баъзи фуқаролар томонидан бир марталик тўловларни тўлашни кечиктириш ҳолатлари кузатилиб, бу эгалик ҳуқуқини тан олиш муддатининг чўзилишига олиб келмоқда ва ўз-ўзидан қонун ижросини таъминлашдаги муддатларнинг бузилишига сабаб бўлмоқда.
Масалан, бугунги кунда ижобий хулосалар олган 176 нафар фуқароларга тўлов борасида смс-хабарнома юборилган бўлишига қарамасдан, мулк эгалари томонидан тўловларни амалга ошириш жараёни кечиктирилмоқда. Шу ўринда фуқароларга мазкур қонун билан яратиб берилган қулайлик ва имкониятлардан унумли фойдаланиб қолишларини, мулкларига нисбатан тегишли ҳуқуқларни расмийлаштириб олишлари учун бир марталик тўловларни ўз вақтида амалга оширишларини тавсия қиламиз.
Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонуни кўп йиллардан бери ечимини топмай келаётган муаммоларни ҳал қилишга, фуқароларнинг мулкка оид ҳуқуқларини кафолатлашга, ижтимоий адолатни таъминлашга ва кўчмас мулк бозорини тартибга солишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶