Ижодкорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
Амударё туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати ташаббуси билан маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг ижодий салоҳиятини юзага чиқариш масалалари юзасидан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Мулоқотда туман Маданият бўлими ходимлари, ижодкорлар, ёшлар етакчилари, ҳокимлик масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни туман ҳокимининг матбуот котиби Чарос Арслонова очиб берди ва бошқариб борди. У ўз сўзида маданият ва санъатнинг халқ маънавиятидаги ўрни, ёшларнинг эстетик дидини шакллантиришдаги аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг, туман Маданият бўлими бошлиғи Мурод Ибрагимов соҳада амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берди. Жумладан, йил бошидан буён туманда маданият масканларини замон талаблари асосида ривожлантириш, санъаткор ва ижодкорларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар ҳақида батафсил сўз юритилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, туман Маданият бўлимида жами 97 нафар ходим фаолият юритиб келмоқда. Бўлимнинг туман овул ва маҳаллаларида 6 та филиаллари, 7 та марказлари мавжуд. Бўлим таркибида 3 та халқ ансамбли – “Учқун” ашула ва рақс халқ ансамбли, “Офарин” фольклор-этнографик халқ жамоаси, “Жайхун мўъжизаси” анъанавий саҳна цирк халқ жамоалари халқимизнинг маънавий қадриятларини тиклаш, уларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, миллий урф-одатларимизни, тарихий, илмий, маданий меросимизни юксалтиришга хизмат қилиб келмоқда.
Қайд этилишича, туман Маданият бўлими ва унинг таркибидаги қишлоқ маданият марказларида 23 та ҳаваскорлик тўгараклари ташкил этилган бўлиб, уларга 220 нафар ёшлар жалб қилинган. Ёшларнинг истеъдод ва қобилиятларини юзага чиқариш, маданият ва санъатга қизиқишларини қўллаб-қувватлаш ва ёш ижодкорларни кашф қилиш мақсадида турли адабий-бадиий кечалар, давра суҳбатлари мунтазам равишда ташкил қилиб келинмоқда.
Мулоқот давомида ёшлар етакчилари ҳам сўзга чиқиб, ёшларнинг санъат ва маданият тадбирларидаги иштирокини ошириш, уларни ижодий жараёнга кенг жалб этиш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Шу билан бирга, ижодкорлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имконига эга бўлдилар. Тадбир иштирокчилари томонидан туманда рақс ва актёрлик санъатини янада ривожлантириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг қобилиятини кенг намоён этиш юзасидан қатор таклифлар билдирилди. Ушбу ғоялар, албатта, соҳа ривожига туртки бўлиши шубҳасиз.
Очиқ мулоқот маданият ва санъат соҳаси вакиллари учун нафақат эркин фикр алмашиш, балки ижодкорлар билан ҳамкорликда келгуси режаларни белгилаш майдонига айланди. Зеро, маданият – халқ руҳий бойлиги, санъат эса жамиятнинг маънавий пойдеворидир.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶