Бирдамлик самараси: 28-сонли мактабнинг таълимдаги ютуқлари
Туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги 28-сонли умумий ўрта таълим мактабида илғор ва аҳил педагогик жамоа фаолият олиб боради. Айни пайтда мазкур таълим муассасасида 554 нафар ўқувчи-ёшларга 53 нафар педагог ходимлар замон талаблари даражасида таълим-тарбия беришмоқда. Улардан 10 нафари олий, 17 нафари биринчи, 21 нафари иккинчи тоифали, 5 нафари эса олий маълумотли мутахассис педагоглардир. Ўқитувчиларнинг 8 нафари турли даражадаги сертификатлар соҳиблари бўлиб, ўқувчиларнинг билим ва қобилиятларини ривожлантиришда ҳамиша фаолдирлар.
ТАЪЛИМ ВА СПОРТДАГИ ЮТУҚЛАР
Ўтган ўқув йилида мактабни тугатган 63 нафар ўқувчиларнинг тенг ярми ОТМга ўқишга кирди. Бу кўрсаткич бўйича мактаб туманда 12-ўринни эгаллади. Шунингдек, ўтган 2024-2025 ўқув йилида 2 нафар ўқувчи фанлар олимпиадасининг туман босқичида фахрли 1-ўринни эгаллаб, мазкур олимпиаданинг Республика босқичида муваффақиятли иштирок этди.
Педагогик жамоанинг ўзаро аҳиллик ва бирдамлик асосидаги фаолияти туфайли мактабда ташкил этилган спортчилар жамоаси фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.
Хусусан, ўтган 2024-2025 ўқув йилида “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақаларида волейбол бўйича туманда фахрли 1-ўринни, мазкур мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида совринли ўринни эгалладилар.
“Умид ниҳоллари” спорт мусобақасида мактабнинг волейболчи қизлар жамоаси туманда фахрли 1-ўринни эгаллаб, мусобақанинг Республика босқичига йўлланма олди.
Мазкур мусобақанинг енгил атлетика бўйича Қорақалпоғистон Республикаси босқичида 11-синф ўқувчилари Жамшид Гулмирзаев ҳамда Ойнура Ражаббоевалар фахрли 3-ўринни эгалладилар.
ИНТЕЛЛЕКТУАЛ САЛОҲИЯТ, ЎҚИТУВЧИЛАР ВА ЎҚУВЧИЛАР ЮТУҚЛАРИ
Мактабда фаолият олиб борувчи фанлар бўйича тўгараклар машғулотларидаги узвийлик натижасида билимдон ва заковатли ёшлар сафи йил сайин ошиб бормоқда. Айниқса, “Заковатли ёшлар” тўгараги шуғулланувчилари ҳамиша пешқадам. Мактабнинг “Билимдонлар” жамоаси “Заковат” интеллектуал ўйинининг 2025 йилги мусобақасида туманда фахрли 1-ўринни эгаллаб, мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида иштирок этди.
Физика фанидан 7-8-синфлар ўқувчилари ўртасида ўтказилган ҳоким олимпиадасида мактабнинг 8-синф ўқувчиси Дилшодбек Янгибоев фахрли 1-ўринни эгаллаб, туман ҳокими томонидан муносиб тақдирланди.
Мактабда ўз йўналиши бўйича юқори натижаларга эришиб, касбдошларига намуна бўлаётган ўқитувчи-мураббийлар талайгина. Жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Мақсад Алланиязов “Қорақалпоғистон устози” танловида ўз ютуқлари билан иштирок этиб, “Йилнинг энг яхши устози” сертификатига эга бўлди.
Шунингдек, мактаб ўқитувчиларидан иборат аёл-қизлар волейбол жамоаси 30 ёшдан юқори аёл-қизлар орасида бўлиб ўтган “Маҳалла лигаси” мусобақаларининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида фахрли 2-ўринни қўлга киритдилар.
КЕЛАЖАККА ДАХЛДОРЛИК
Мактаб педагогика жамоаси 2025-2026 ўқув йилини янада жипслик билан бошладилар. Жорий ўқув йилида 1-синфга қадам қўйган 63 нафар мурғак қалбли ўқувчиларга замон талаблари асосида таълим бериш, миллий-маънавий қадриятлар руҳида тарбиялашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳозирдан ўз самарасини бермоқда. 1-синф ўқувчилари алифбедан илк сабоқларни катта қизиқиш билан ўзлаштиришмоқда. Чунки бошланғич таълим-тарбия жараёни самарали ташкил этилгандагина мактаб таълимида юқори натижаларга эришилади. Бу борада 28-сонли мактабда ўзига хос тажриба ҳамда намунали иш услуби жорий этилган ҳамда бу аҳил ва ҳамжиҳат педагогика жамоаси фаолиятида ўз аксини топмоқда.
РОБИЯ ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶